Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ҳам яқинлашиб келмоқда. Ҳар бир мусобақада бўлгани каби мазкур турнирга ҳам қаттиқ назорат остида ўтадиган аккредитация жараёни мавжуд. Сизларни делегация вакиллари ва журналистларни Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун аккредитациядан ўтказиш бўйича маълумот билан таништириб ўтамиз.
Мусобақа пайти бериладиган аккредитация картаси 2020 йилнинг 24 апрелидан 6 октябрь санасига қадар ўз кучига эга. Таъкидлаш жоиз, карта Олимпия ўйинларигача ва ундан олдин бўладиган мусобақа билан боғлиқ тадбирлар учун ҳам амал қилади.
PRESS
Бу тоифадаги аккредитация Олимпия ўйинларида ишловчи журналистлар учун. Ҳар бир делегацияга мамлакатнинг сўнгги 2 та Олимпиадаларда қайд этган натижаси, улардаги лицензиат спортчилар сони каби йўналишлар бўйича ўрин ажратилади. Бу борада Ўзбекистон учун 5 та квота (3 та журналист ва 2 та фотожурналист) берилган. Журналистларни аккредитациядан ўтказиш жорий йилнинг 7 февраль санасида ёпилган.
TEAM OFFICIAL
Бу ҳар бир делегациянинг расмий вакиллари учун бериладиган аккредитация картаси. Унга федерация вакиллари, мураббийлар штаби, шифокор, психолог, техник ходимлар каби вакиллар киради. Бу тоифадаги вакилларни рўйхатдан ўтказиш 2020 йилнинг 10 апрель санасигача белгиланган.
ATHLETS
Бу ўз номи билан спортчилар учун. Таъкидлаш жоиз, юқоридаги талаб Олимпиадага йўлланма олган ҳар бир атлет учун ҳам амал қилади. Ҳар бир мамлакат федерациялари лицензияга даъвогар, лицензион мусобақаларда иштирок этадиган спортчиларининг маълумотларини ўз мамлакати МОҚ халқаро алоқалар департаментига тақдим қилади. Ушбу тоифа худди “TEAM OFFICIAL” каби 10 апрелга қадар қабул қилинади.
Dignitaries (Юқори мартабали шахслар)
Бу тоифа ўта юқори тоифадаги кишилар ва мартабали меҳмонлар учун. Унга давлат ва ҳукумат раҳбарлари, уларнинг қўриқчилари киради. Бу тоифани аккредитациядан ўтказиш жорий йилнинг 22 май кунигача деб белгиланган.
Умуман олганда, аккредитация учун керак бўладиган ҳужжатлар ҳам ўта юқори аниқлик ва сифат талаб этилади. Бунда ҳар бир шахсдан қуйидаги нарсалар талаб этилади:
- Хорижга чиқиш учун мўлжалланган паспортининг юқори тиниқликда скайнердан чиқарилган нусхаси;
- 4х5 см ҳажмдаги сурат. Бунда суратнинг сифати 480х600 пиксель бўлиши талаб қилинади;
- МОҚ делегацияси аъзоларининг ҳар бири шахсан имзолаган иштирок этиш шартлари;
- Делегатнинг вазифалари аниқ кўрсатилган хизмати.
Хужжатлар топширилгач, ҳар бир МОҚ вакиллари Олимпия ўйинлари бошлангунча ўз делегация вакилларини Токио-2020 Олимпия уйинлари Ташкилий кумитаси тизимидан рўйхатдан ўтказиб туриши керак бўлади.
Аккредитация карталари 2020 йилнинг май-июнь ойлари давомида босиб чиқарилади.