Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида»ги ПҚ–1923-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 3 июлдаги ПҚ-1994 – сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2013 йил 15 августдаги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2015 йил 1 майдаги қарорларига мувофиқ Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташкил этилиб, 1- май 2015 йилдан ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон ва Россия Миллий олимпия қўмиталари ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик доирасида қатор дастурлар ўтказилди. Унинг доирасида жорий йилнинг 27 августдан 3 сентябрга қадар Россия МОҚ қошидаги Инновацион марказнинг тор доирадаги тажрибали шифокорлари спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакилларини текширувдан ўтказишди.
Спорт тиббиёти марказининг асосий фаолияти:
– спорт тиббиёти соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, спорт турининг хусусиятини, йўл қўйиладиган жисмоний юкламани, спорт патологиясини даволаш ва олдини олишнинг илғор услубларини, мусобақаларга тайёргарлик кўришда спортчиларнинг тиббий назоратини ҳисобга олган ҳолда спортчиларнинг функционал аҳволини диагностика ва коррекция қилиш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
– иқтидорли ёш ва истиқболли спортчиларни, уларнинг индивидуал генетик ва фенотипик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда танлашнинг замонавий тиббий-биологик услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
– спортчиларни спорт турлари бўйича тайёрлашнинг якка тартибдаги дастурларини ишлаб чиққан ҳолда мусобақаларга тайёрлашнинг турли даврларида дори воситаларининг, овқатланиш тартиби ва рационининг спортчиларнинг физиологик ҳолатига таъсирини тадқиқ қилиш;
– антидопинг назоратининг самарали тизимини, шунингдек спортда фармокологик таъсирга эга бўлган дори-дармон ва бошқа воситаларнинг қўлланилишини назорат қилиш услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
– мусобақа ва машғулотларни режалаштиришни ҳисобга олган ҳолда спортчининг индивидуал спорт жисмоний юкламасини текшириш ва мақбуллаштириш;
– спортчи организмининг жисмоний тайёргарлиги ўсишига ва масъулиятли халқаро мусобақаларга энг юқори функционал тайёргарлигини таъминлашга қаратилган улар саломатлиги даражасининг муттасил ўсишини назорат ва коррекция қилиш;
– спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишга психологик тайёргарлигини, шунингдек зарур психологик коррекцияни ўтказишни таъминлаш;
– спортчиларда спорт жароҳатлари, патологиялари ва синдромларини, шу жумладан, республиканинг бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари даволаш-диагностика базаларидан фойдаланган ҳолда, олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш;
– мамлакатда спорт тиббиёти ва антидопинг назорат соҳасидаги илғор методика ва технологияларни алмашиш ва жорий қилиш учун бу соҳадаги етакчи хорижий муассасалар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;
– спорт федерациялари, клублари ва жамоалари тиббий ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашиш, уларга илмий-ташкилий, маслахат-диагностика, даволаш- профилактика ва реабилитация ишлари масаласида услубий ёрдам кўрсатиш.