Ру En O'z
7 Апрель 2021 4852

Алишер Алимов: “Спортчилар учун мамлакат раҳбари томонидан қўллаб-қувватлов борлигини ҳис қилиш жудаям муҳим”

Хабарингиз бор, яқинда Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида самбо бўйича Жаҳон кубоги ўтказилди. Унда мамлакатимиз самбочилари ҳам муваффақияти иштирок этишди.

Мусобақа давомида Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов Халқаро самбо федерацияси матбуот хизматига катта интервью берди. FIAS расмий сайтида эълон қилинган ушбу суҳбатда Алишер Алимов ўзбек спортчиларининг халқаро ареналарда эришаётган муваффақиятлари, вазн тоифалари ўзгаришининг натижаларга таъсири, шунингдек Тошкент шаҳрида ўтказиладиган самбо бўйича жаҳон чемпионати ҳақида тўхталиб ўтди. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Ўзбек спортчиларининг Жаҳон кубогидаги иштирокини қандай баҳолайсиз?
– Биринчи навбатда Халқаро самбо федерацияси, шунингдек, Россия самбо федерациясига мана шундай спорт байрамини ташкил этгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Яхши биласиз, пандемия сабаб жаҳон миқёсида бундай мусобақалар кам ташкил этилмоқда ва биз бунинг ортида қандай меҳнат турганлигини тушуниб турибмиз. Ўзбек спортчиларининг иштироки ҳақида гапирсам, агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу Жаҳон кубогига биз янгиланган таркиб – Ўзбекистон чемпиони бўлган йигит ва қизлар билан келдик. Биз уларга халқаро майдонда чиқиш қилиб, ўзларини кўрсатишлари ва тажриба тўплашларига имкон бердик. Ҳар қандай спортчи ўз юртидаги ва халқаро аренадаги мусобақада ўзини турлича ҳис қилиши хеч кимга сир эмас.

– Мусобақанинг биринчи куни ўзбек самбочилари учун қай даражада омадли кечди деб ҳисоблайсиз?
– Биз албатта, мусобақанинг илк кунидан бундан ҳам яхшироқ натижа кутгандик. Аммо бу спорт, унда натижаларни олдиндан билиб бўлмайди. Шуни айтишим керакки, спортчиларимиз баҳсларга жиддий ҳозирлик кўришганди. Ҳар бир халқаро старт олдидан биз спортчиларни жиддий тайёрлаймиз. Бу сафар совриндор спортчиларимизни, жаҳон чемпионларини 4-6 июнь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Осиё чемпионати учун сақлаб қўйишга қарор қилдик. Бундан ташқари, Ўзбекистон пойтахти 12-14 ноябрь кунлари самбо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Спортчиларимизда ўзларини ҳар томонлама кўрсатиш имконияти бор.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон терма жамоаси халқаро мусобақаларда юқори натижалар қайд этмоқда. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?
– Биласиз, 2019 йилнинг бошидан Ўзбекистон самбо ассоциацияси жамоаси ўзгарди: бош директор, катта мураббийлар, аёллар мураббийлари, ёшларда ҳам шундай. Шунингдек, самбо ассоциацияси раҳбариятида ҳам ўзгариш бўлди. Раис ўринбосарлари, маъмурий таркиб алмашди. Ҳамкасбларим билан бирга Ўзбекистонда самбо ривожи йўлида меҳнат қиляпмиз. Аммо, шуни алоҳида қайд этишимиз лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спортга, хусусан самбога қаратаётган ҳозирги эътибори бўлмаганида, биз бундай натижалар қайд эта олмаган бўлардик. Ассоциация раҳбарияти ва спортчилар учун мамлакат раҳбари томонидан қўллаб-қувватлов борлигини ҳис қилиш жудаям муҳим.

Натижалар ҳақида гапирсак, Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатида 12-ўринни қўлга киритганди. 2019 йилда эса бешинчи бўлдик. 2020 йили Сербияда ташкил этилган жаҳон биринчилигида эса 3-ўринга кўтарилдик. Бу биз учун жиддий натижа, олдинга ташланган катта қадамдир. Мен спортчиларимиз ва жамоам билан фахрланаман.

– Муваффақиятингиз сири нимада?
– Мамлакат раҳбариятининг самбога қаратаётган эътибори ва жамоамизнинг чин дилдан меҳнат қилаётгани. Биз спортчиларга яхши шароит яратиб бериш учун барчасини қиляпмиз. Улар эса ўз навбатида гиламда барчасини кўрсатишмоқда. Албатта, биз эришилган натижа билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз ва олдинга интиламиз. Ўйлайманки, биз ҳали самбо мухлисларини яна хурсанд қиламиз.

– Сиз Республика Президентининг қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирдингиз. Бу нимада акс этмоқда?
– Сир эмас, спортда Олимпия ва ноолимпия спорт турлари деган тушунчалар бор. Россияда самбо Олимпия спорт турлари билан тенглаштирилган, аммо барча мамлакатларда ҳам бундай эмас. Бизнинг республикамизда масалан самбо 2019 йилга қадар давлат томонидан бир қисм молиялаштирилган. 2019 йилдан бошлаб Худога шукр, бугунги кунгача ассоциациямиз барча халқаро мусобақаларда – жаҳон чемпионатидан тортиб, Жаҳон кубогигача юз фоиз давлат ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, шунингдек Миллий Олимпия қўмитаси спортчиларимизни қўллаб-қувватламоқда.

– Тушунишим бўйича, қўллаб-қувватлов фақат бу томонлама эмас. Оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам ушбу спортга эътибор ошганини биламан. Ўзбекистондаги самбочилар – юлдузлар…
– Фикрингизга қўшиламан. Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан фаол ишламай туриб, бундай самарага эриша олмасдик. Биз айнан ОАВ самбони оммавийлаштиришда энг асосий қурол эканлигини тушунамиз. Шунинг учун журналистлар билан ҳамкорлик қиламиз. Сўнгги икки йилда ОАВда, интернет ва ижтимоий тармоқларда самбо ҳақидаги маълумотлар кўпайди. Бу бизнинг телеграм, инстаграм ва фейсбукдаги саҳифаларимизда ҳам кўриниб турибди. Сайтимизда манзилимиз, электрон почтамиз, телефон рақамлари ҳақида маълумотлар бор. Улар орқали кўплаб мурожаатлар, изоҳлар бўлади. Биз улар билан самбонинг истиқболи, режалар ҳақида гаплашамиз.

– Келинг, айни пайтда «Лужники»да ўтказилаётган турнирга қайтамиз (суҳбат март ойидаги Жаҳон кубоги вақтида уюштирилган). Жаҳон кубоги илк маротаба янги вазн тоифаларида ўтказилмоқда. Бу спортчиларингизнинг тайёргарлиги ва натижага қай даражада таъсир кўрсатди? Бунга тайёрмидингиз?
– Тайёр эдик. Ҳар йили февраль ойида биз самбо бўйича Республика чемпионатини ўтказамиз. Бу йил ҳам илк маротаба янги вазн тоифасида мусобақани ташкил этдик. Албатта, аввалига спортчи ва мураббийлар учун бу эриш туюлди. Аммо чемпионат олдидан биз мураббий ва ҳакамлар учун семинар ташкил этдик ва у ерда барчасини тушунтирдик. Барчаси вақт ўтгани сайин ўзгаради, одамлар тез ўрганишади ва кўникишади. Ўзим қўшимча сифатида шуни айтишим мумкинки, спортчиларимизнинг кўпи бу ўзгаришлардан хурсанд. Чунки, вазн ташлаш билан боғлиқ масалалар улар учун осонлашди.

– Аниқроғи, тайёргарлик жараёни ва Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақада қайд этаётган натижалари сиз учун кутилмаган ҳол бўлмади. Вазнлар ўзгариши билан боғлиқ сенсациялар бўлмадими?
– Тўппа-тўғри. Айтиб ўтганимдек, биз бундан ҳам кўпроғини кутгандик. Лекин, барибир натижалардан мамнунман. Биринчи кун давомида тўрт спортчимиз финалгача етиб келди. Иккинчи кун ҳам финалчиларимиз бор. Умид қиламизки, уларнинг барчаси ғалаба қозонади.

– 1 январдан саралаш масаласида Халқаро қоидалар кучга кирди. Камар тизимининг йўлга қўйилиши Ўзбекистонда ва жаҳонда самбо ривожига ҳисса қўша олади деб ўйлайсизми?
– Шубҳасиз! Рейтинг ҳар бир спорт турида бўлиши лозим. Самбочилар, шунингдек болалар ҳалигача шаҳар, туман ва бошқа мусобақаларда қўлга киритган медаллари билан юришарди. Камарларнинг пайдо бўлиши самбо билан шуғулланаётган болалар ва ўз ўрнида катталарга ҳам мотивация беради.

– Суҳбатимиз аввалида самбо бўйича Осиё чемпионати ва Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида айтиб ўтдингиз. Бундай қарор нима билан боғлиқ?
– 2025 йилда Тошкент ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини қабул қилади. Қарор қабул қилинди ва Тошкент мезбон мамлакат сифатида ушбу мусобақага тайёрланишни бошлади. Биласиз, мезбон давлат ўйинлар дастуридаги спорт турларини ўзи танлайди. Биз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси билан бу борада музокара ўтказдик ва ташкилотчилардан самбони ҳам ўйинлар дастурига киритилишини сўрадик. Ўзбекистонда самбо ривожланиб келаётгани ҳисобга олинган ҳолда, ушбу ғоя қўллаб-қувватланди.

Ушбу ўйинлар олдидан Тошкент йирик спорт мусобақаларини ҳам ўтказиши керак. Самбо бўйича Осиё ва жаҳон чемпионати тажриба тўплаш, ўзини кўрсата олиш учун яхши имконият. Аммо асосийси, ушбу спорт турини мамлакат ва жаҳон бўйлаб оммавийлаштиришдир.

– Бир йилда икки йирик мусобақа мамлакатингиз учун қийинлик қилмайдими?
– Халқаро самбо федерацияси ижро қўмитаси бизнинг номзодимизни қўллаб-қувватлаганида жуда хурсанд бўлдик: бу биз учун шараф ва FIAS тақвимидаги йилнинг асосий мусобақасини ўтказамиз. Биз ўзимизга билдирилган ишончни оқлаймиз. Мусобақа иштирокчилари ва мухлислар ушбу спорт байрамидан ҳақиқий завқ олишлари учун қўлдан келган барча ишни қиламиз.

Text to speech