ОЛИМПИЯ ХАРТИЯСИ ВА ОЛИМПИЯ ҲАРАКАТИ
1894 йилда Парижда ўтказилган Халқаро спорт анжуманида Олимпия хартияси қабул қилинган. Олимпия хартияси олимпия ҳаракати учун қонунлар мажмуасидир.
Барон Пьер де Кубертен таклифига биноан мусобақаларни антик давр қоидаларига кўра ўтказишга қарор қилинган. Хартияга биноан Олимпиада ўйинлари “Ҳаққоний ва тенг ҳуқуқли мусобақаларда бутун дунё ҳаваскор спортчиларини бирлаштириб, мамлакатлар, алоҳида шахсларга нисбатан ирқий, диний ёки сиёсий камситилишга йўл қўйилмайди”.
Ўйинлар ҳар тўрт йилда ўтказилади. Олимпиада ҳисоби 1896 йилдан бошлаб юритилади.
1913 йилда Кубертен таклифига кўра ХОҚ томонидан Олимпия ҳаракатининг тимсоли, байроғи, шиори қабул қилинган.
Олимпиада ўйинлари тимсоли дунёнинг беш қитъасини англатувчи бирлаштирилган беш халқадир. Ҳаво ранг халқа Европани, қораси Африкани, қизили Американи, пастдаги сариқ ҳалқа Осиёни, яшили Австралияни акс эттиради.
1932 йилдан бошлаб ташкилотчи шаҳар Олимпиада шаҳарчасини – иштирокчилар учун алоҳида яшаш жойларини қуради. Ташкилотчилар махсус эмблема ва ўйинлар тимсолини ишлаб чиқадилар. Эмблема мазкур давлатнинг ўзига хослигини акс эттиради. Олимпиадага тараддуд кўриш даврида эмблема ва тимсоллар эсдалик сифатида сотилади ва олинган даромад ўйинларни ўтказишга сарфланади.
Олимпия хартияси яратилгандан буён умуман олганда ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган, бироқ тарихий жараёнлар, инсоният жамиятидаги, олимпия ҳаракатидаги ўзгаришларга мос равишда айрим янгиликлар киритилган.
Олимпия хартиясининг янги таҳрири 1999 йилда ХОҚнинг
101-сессиясида қабул қилинди. У бир нечта бўлимдан иборат.
Биринчи бўлим Олимпия ҳаракатининг асосий тамойилларига бағишланган, унда ўйинларни ўтказиш шарафи давлатга эмас, балки муайян шаҳарга берилиши, чунки давлат – бу мамлакат, сиёсат экани, шаҳар эса сиёсатдан ҳоли бўлиши қайд этилган.
Шу билан бирга, ўйинларни ташкил қилиш ва ўтказиш Олимпия ўйинларига мезбон шаҳар жойлашган давлатнинг Миллий олимпия қўмитаси зиммасига юклатилади.
Миллий олимпия қўмиталари ХОҚ билан узвий алоқада ва бевосита унинг раҳбарлиги остида иш олиб боради ҳамда ўйинларни ташкил қилиш ва ўтказиш учун тўлиқ масъул саналади.
Хартияда таъкидланишича, барча ишлаб топилган маблағлар фақат Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, спортни ривожлантиришга, яъни инсонлар тинчлиги ва саломатлигига йўналтирилиши даркор.
Олимпия хартиясида олимпия рамзлари, эмблемалари, байроғи, олимпия машъали, ритуаллари мазмуни ҳамда аҳамияти ёритилган.
Иккинчи бўлимда ХОҚнинг бошқарув органлари, унинг мақсад ва вазифалари, тузилмаси ҳамда функциялари, шунингдек, ҳуқуқлари тўғрисида маълумотлар берилган.
Учинчи бўлимда халқаро спорт федерацияларининг мақсадлари, вазифалари, функциялари ва уларнинг ХОҚ билан ўзаро алоқалари очиб берилган.
Тўртинчи бўлимда ХОҚ раҳбарлиги остида ўз давлатларида иш олиб борадиган Миллий олимпия қўмиталарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
Бешинчи бўлим бевосита Олимпиада ўйинлари, иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган.
Хартияда олимпизм моҳиятининг қисқача таърифи келтирилган: “Олимпизм тана, ирода ва онг қадр-қимматини мувофиқлаштирилган яхлит бутунликка бирлаштирувчи ҳаёт фалсафасидир”. Олимпизм спорт, маданият ва таълимни узвий боғлайди.
Олимпия ҳаракатининг мақсади – спортни инсоннинг ҳар томонлама ривожланишига йўналтириш, у туфайли қўлга киритилган баркамоллик эса инсон қадр-қимматини сақлаш ҳамда тинчлик ҳукм сурган жамиятни яратишга ёрдам бериши лозим.
Хартияда турли тушунча ва атамаларга таъриф берилган. Жумладан, “олимпиада”, “олимпия ўйинлари” атамаларининг мазмунига аниқлик киритилган.
Қадимги юнонлар ўйинлар орасида тўрт йилликни олимпиада деб атаганлар, яъни бу ўзига хос йилнома ҳисобланган. Ҳафта, ой, йил муайян даврни ифодалагани каби тўрт йилликни олимпиада деб аташ мумкин эди. Юнонлар маълум бир воқеани у содир бўлган олимпия ўйинларининг рақами билан номлар эдилар. Масалан, ўнинчи олимпиада ва ҳ.к.
Тарих қадимги Олимпия ўйинларида ҳозиргига ўхшамаган мукофотлар мавжуд бўлганидан далолат беради. Ғолибга лавр гулчамбари ёки зайтун бутоғи топширилган. Давр ўтиши билан совринлар ўзгариб, такомиллашиб борган. Хартияда совринлар қатъий равишда белгилангани эътиборга лойиқ.
Олимпия шиори: “Цитиус, Алтиус, Фортиус” (“Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ”) замонавий олимпизм йўналишини аниқ ифодалайди. Бу сўзлар француз руҳонийси Анри Дидонга тегишли бўлиб, Пьер де Кубертенга маъқул келган ва унинг таклифи билан олимпия шиорига айланган. Бу белгилар ХОҚ эмблемасида акс эттирилган.
Эмблема ҳам Хартияда аниқ белгилаб қўйилган. Ҳар бир Миллий олимпия қўмитаси ўз эмблемасига эга бўлиб, бирлаштирилган бешта ҳалқа эмблема асосини ташкил этади. Масалан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси эмблемасида бешта олимпия ҳалқаси ва оқ фонда Ҳумо қушининг тасвири – ғалаба ҳамда бахт рамзи акс эттирилган.
Олимпия байроғи ғояси ҳам Пьер де Кубертенга тегишли. ХОҚ 1913 йили тасдиқлаган байроқ 1916 йилда ўтказиладиган ўйинларда илк бор кўтарилиши лозим эди. Афсуски, биринчи жаҳон уруши туфайли ўша йили мусобақа ўтказилмаган.
Байроқ ҳажми 2х3 метр ўлчамли атласдан тайёрланган бўлиб, унга олимпия рамзи – бешта рангли ҳалқа тасвири туширилган. Байроқдаги оқ ранг ер шаридаги барча миллатларнинг дўстлигини билдиради.
Байроқ 1920 йили Антверпенда VII Олимпиада ўйинларида биринчи марта кўтарилган.
1912 йили Пьер де Кубертенда ушбу ажойиб байрамнинг қадимий Ватанида олимпия машъалини ёндириш ва ўйинларнинг бош аренасида олимпия олови ёниб туришини таъминлаш фикри туғилди. 1928 йили Амстердамдаги IX ўйинлар чоғида (1952 йили Ослодаги VI қишки ўйинларда) бу таклиф амалда ўз ифодасини топди.
Машъал ёндириш маросими қадимги олимпиадалар ва ўйинларнинг барча қаҳрамонларини биладиган Зевс ибодатхонаси харобаларида бўлиб ўтади. 1926 йилдан бошлаб олимпия машъаласи эстафетаси ўтказилади. Олимпия стадиони йўлкаларида машъал кўтариб айланиш ўйинлар ўтказилаётган давлатнинг энг таниқли спортчиларига топширилади.
Спортчи ва ҳакамларнинг олимпия қасамёди ҳам муқаддас маросимлар қаторига киради. Махсус матн ҳам Пьер де Кубертен томонидан таклиф этилган. Бирмунча ўзгаришларга учраган ҳолда унда шундай дейилади: “Барча спортчилар номидан қасамёд қиламанки, биз бу ўйинларда мусобақа қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлиб, уларга амал қилган ҳолда ҳақиқий спорт руҳида, спорт шуҳрати ҳамда ўз жамоаларимиз шарафи учун иштирок этамиз”. Олимпия қасамёди биринчи бор 1920 йили Антверпенда ўтказилган VII ўйинларда янграган.
Олимпия ўйинлари ҳакамларининг қасамёди 1972 йилги ўйинларда омма эътиборини илк бора ўзига тортган. Унда шундай дейилади: “Барча ҳакамлар ва расмий шахслар номидан қасамёд қиламанки, ушбу Олимпия ўйинлари давомида биз ўз вазифамизни холислик билан, қоидаларни ҳурмат қилиб ва уларга амал қилган ҳолда ҳақиқий спорт руҳида бажарамиз”.
2012 йили Лондонда ва 2014 йили Сочида олимпиадаларнинг тантанали очилиш маросимидан мураббийларнинг қасамёди ҳам ўрин олгани диққатга сазовор.
Мехикода 1968 йилги Олимпиадада ҳар бир олимпиячи ва мухлисга бахт келтирувчи рамз пайдо бўлди. Мексикаликларнинг энг севимли жонивори Ягуар олимпиадалар тарихидаги илк рамз сифатида тарихда қолди. Бу одат барчага манзур бўлди ва ўйинларнинг рамзини яратиш анъанавий тус олди. Мюнхенда Вальди лақабли кучук, Монреалда Канада ўрмонларида яшовчи қундуз, Москвада Миша лақабли айиқча рамзга айланди.
Хартияга кўра дастурнинг ҳар бир турида ғолиб ва совриндорларга мос равишда – олтин, кумуш ва бронза медаллари топширилади. Учинчи ўрин учун медаль ҳақиқий бронзадан, иккинчи ўрин учун кумушдан ясалса, биринчи ўрин учун камида 6 грамм олтин билан қопланган кумуш медаль тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Шахсий ва жамоа мусобақаларида биринчидан саккизинчигача ўринни эгаллаган спортчиларга ХОҚ дипломлари топширилади.
Дипломлар, эсдалик медаллари ўйинларнинг барча иштирокчилари ҳамда расмий шахсларга берилади. Яқин йиллардан бери эса Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига мос равишда олтин, кумуш, бронза кўкрак нишонлари топшириладиган бўлди. Бу нишонни кундалик ҳаётда ҳам тақиб юриш мумкин.
Халқаро Олимпия қўмитаси спорт ва давлат арбобларини ёки спортчини Олимпия ҳаракатига қўшган алоҳида хизматлари учун Олимпия Олтин ордени билан тақдирлаб келади.
Олимпия ғояларига садоқати ва жаҳон спортини ривожлантиришдаги беқиёс хизматлари учун 1996 йил 6 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга спорт оламидаги энг олий мукофот – Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия Олтин ордени топширилди.
Хартияда белгиланишича, 1994 йилдан бошлаб ёзги ва қишки олимпия ўйинлари бошқа-бошқа жуфт йилларда ўтказиб келинмоқда. Бунгача ўйинлар битта йилнинг ўзида ўтказиларди.
Ўйинларнинг давомийлиги 16 кундан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Олимпия ўйинлари пойтахтини танлаш ҳуқуқи ХОҚга тааллуқлидир. Ўйинларни ўтказишга даъвогар шаҳарлар танлови ўтказилади, номзодларнинг имкониятлари ХОҚнинг махсус комиссияси томонидан ўрганиб чиқилади ва кейин Олимпия ҳукуматининг Олий органи – сессияда Олимпиада пойтахти танланади. Шаҳар номзоди Миллий олимпия қўмитаси томонидан тавсия этилади.
Барча мусобақалар, одатда, олимпия ўйинларига мезбон шаҳарда ўтказилади. ХОҚнинг алоҳида рухсати билан истисно тариқасида айрим турдаги мусобақаларни бошқа шаҳарларда ташкил қилиш мумкин.
Ўйинларда мусобақалар фақат олимпия спорт турлари бўйича ўтказилади. Дастурни ўзгартириш хуқуқи фақат ХОҚга тегишлидир.
Олимпия спорт тури Хартияга биноан аниқланади. Ёзги спорт тури эркаклар учун камида 75 та давлатда ва бешта қитъадан тўрттасида, аёллар учун эса камида 40 та давлатда ҳамда учта қитъада, қишки спорт турлари 25 та давлат ва учта қитъада кенг тарқалган бўлиши лозим.
ХОҚ Олимпия ўйинларига раҳбарлик қилади, мусобақалар эса тегишли халқаро федерация раҳбарлиги остида ўтади.
Машғулотлар, мусобақалар, спорт анжомлари, жиҳозлар, қоидалар федерация меъёрларига мос келиши лозим. Ҳакамлар, хронометристлар (вақт ўлчовчилар), раддия ҳайъати аъзолари ва бошқалар ўша спорт турининг Халқаро федерацияси томонидан тайинланади.
Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари Хартияда аниқ ҳамда батафсил таърифланган.
Очилиш маросими бошида стадионга давлат раҳбари келади, сўнгра иштирокчиларнинг тантанали чиқиши бошланади. Ҳар бир делегация олдида давлат номи битилган ёзув ва давлат байроғи кўтариб борилади. Жамоалар алфавит тартибида ўтади. Лекин анъанага кўра, энг аввал Олимпия ўйинлари ватанига бўлган ўзига хос ҳурмат ифодаси сифатида Греция делегацияси ўтади. Парадни ўйинларга мезбонлик қилувчи давлат делегацияси якунлайди. Парад тугагач, Ташкилий қўмита президенти ва ХОҚ Президенти сўзга чиқади. Сўнгра Олимпия ўйинлари ўтказилаётган давлат раҳбари Олимпия ўйинларини тантанали равишда очиқ деб эълон қилади. Олимпия мадҳияси садолари остида турли давлатларнинг спортчилари олимпия байроғини стадионга олиб кирадилар ва байроқ юқорига кўтарилади.
Номдор спортчилардан бири олимпия машъали билан стадионни айланиб чиқади ва оловни ёқади. Ушбу олов ўйинларнинг 16 куни давомида ёниб туради. Олов ёқилган заҳоти тинчлик элчилари бўлмиш юзлаб оқ кабутарлар учириб юборилади. Тантанали қасамёд дақиқалари бошланади. Мезбон давлатнинг таниқли спортчиси, жаҳонда юксак ҳурматга эга спорт ҳаками қасамёд қилади. Сўнгги йилларда мураббийлардан бирининг ҳам қасамёд қилиши йўлга қўйилди. Ташкилотчи давлат мадҳияси янграйди, байрамнинг тантанали очилиш маросими бошланади.
Спорт мусобақалари якунлангач, ўйинларнинг ёпилиш маросими ўтказилади. Стадионга очилиш маросимидаги тартибда байроқдорлар кириб келишади, жамоалар аъзолари эса дўстлик рамзи сифатида умумий сафда кирадилар. Греция мадҳияси, ташкилотчи давлат мадҳияси ва бўлажак ўйинларни қабул қилувчи давлат мадҳияси янграйди. Олимпиадага мезбонлик қилган шаҳар ҳокими ўйинлар байроғини ХОҚ Президентига топширади, у эса байроқни келгуси ўйинларни қабул қилувчи шаҳар ҳокимига тақдим этади.
Ташкилотчи шаҳар ҳокими ва ХОҚ Президенти сўзга чиқадилар. Сўнгра навбатдаги Олимпия ўйинлари мезбони бўлмиш давлатнинг тақдимот маросими ўтказилади. ХОҚ Президенти Олимпия ўйинларини ёпиқ деб эълон қилади. Олимпия олови аста-секин ўчирилади. Олимпия мадҳияси садолари остида байроқ туширилади, стадион узра хайрлашув қўшиғи янграйди.
XXXIV | 2028 | 14 июль | 30 июль | Лос Анжелес | АҚШ |