Медаллар учун эгизаклар “жанг”и
Эгизакларнинг бир-бирларини ҳис қилишлари жуда юқори. Бу илм-фан томонидан исботланган. Катта спортда илм-фанга асосланиб атлетларни тайёрлайдиган мамлакатлар бундан унумли фойдаланмоқда.
Шу кунларда Япониянинг Фукуока шаҳрида сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Синхрон сузиш йўналишининг техник дуэт дастуридан ўрин олган саралаш босқичида дастлабки тўрт ўринни айнан эгизаклар эгаллаган. Улар қолган жуфтликларни анча катта фарқ билан ортда қолдиришган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, финалда ҳам катта эҳтимол билан медаллар учун кураш айнан улар ўртасида кечади.
Бу синхрон сузиш учун янгилик эмас. Аввалги жаҳон чемпионатларида ҳам бунга ўхшаш ҳолат кўп учраган. Хусусан, ўтган йилги дунё биринчилигида эгизаклар ушбу йўналишда дастлабки уч ўринни банд этишган. Бу гал эса учлар кучли тўртликда. Демак, ушбу спортда катта державаларнинг эгизаклардан кенг фойдаланиши оммалашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йўналишда қатнашган ҳамюртларимиз Зиёда Тошхўжаева ҳамда Диана Онкес жуфтлиги 182.8649 билан 23-натижани қайд этишди. Бироқ бу финал учун етарли бўлмади.