Рустам Тўлагановнинг “olamsport.com” cайтига берган интервьюси юзасидан муносабат
Кеча бокс бўйича Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Рустам Тўлаганов билан “olamsport.com” сайти ва унинг “YouTube” тармоғидаги саҳифасида видео кўринишида интервью чоп этилди. Боксчимиз суҳбат давомида “Олимпиадада (Рио-2016 назарда тутилмоқда) ҳар бир спортчига телефон ва “суточный” пул берилган 400 ёки 300 доллар. 2 одам туриб олиб, ўшани бўлишиб олмоқчи бўлишди. Ман ичкарида оғир аҳволда ётибман. Улар мани телефоним ва пулимни бўлишвотти. Бу қанақа иснот? … Давлатнинг манда қарзи бор … 3 йил тўлашмаган манга “Олимпийский” стипендиямни”, деган жумлаларни гапириб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Рустам Тўлаганов Рио-2016 Олимпия ўйинларида совриндор бўлгач, ҳукуматимиз томонидан белгиланган 75 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули, “Malibu” автомобили, пойтахтимиздаги Сергели туманидан ер майдони билан тақдирланган. Давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан мукофотланди. Шунингдек, интервьюда худди ўзи айтиб ўтгани каби, унга белгиланган тартибда Олимпиада совриндори учун бериладиган умрбод ойлик нафақа ҳам тўлаб келинмоқда. Қолаверса, карантин чекловлари кучайтирилган даврда Олимпиячиларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг ҳисоб рақамига жами 45 миллион сўм миқдорида маблағ ўтказиб берилди. Давлатимиз Олимпиада совриндорларига шунчалик катта эътибор қаратмоқда. Таққослаб кўринг, дунёда спорт тараққий этган қатор давлатларда Олимпиада чемпионлари қуйидагича тақдирланади: Германия – 19 500, АҚШ – 25 000, Хитой – 31 400 АҚШ доллари. Рио-2016 Олимпиадасидан сўнг ҳатто Буюк Британияда Олимпиада чемпионига ҳам, совриндорига ҳам мукофот пули тўланмаган. Шундай экан, спортчиларига барча шароитларни яратиб бераётган ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган давлатнинг Рустам Тўлагановдан ҳозирги пайтда қарзи бўлиши мумкинми?
Рио-2016 Олимпиадаси мобайнида эса ҳар бир спортчига ажратилган телефон ва суткалик яшаш учун пулларини Рустам Тўлаганов тўлиқ олган. У таъкидлаган ва МОҚ бериши керак бўлган 3 йиллик тўлов эса Олимпия ўйинларига тайёрланаётган терма жамоа вакилларини рағбатлантириш учун тўланадиган стипендия ҳисобланади. Рустам Тўлаганов Рио-2016 Олимпиадасидан сўнг 10 ой терма жамоа билан машғулотларда иштирок этмади. Бу табиий ҳол, спортчи бу даврда Олимпиадага олиб борилган узоқ муддатли тайёргарликдан сўнг ҳордиқ чиқарган бўлиши мумкин. Бироқ ундан кейинги даврда фаолиятининг асосий қисмини профессионал боксда давом эттирди ва Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрадиган таркибдан ўрин олмади. Шундай экан, бу борада унга тўланиши зарур бўлган маблағ ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Рустам Тўлагановнинг ўзбек спорти, хусусан, боксимиз ривожи йўлида қўшган улкан ҳиссасини қадрлайди. Бироқ унинг ўша интервьюда унга тўланиши зарур бўлган пул маблағлари ҳақидаги фикрларини асоссиз деб ҳисоблайди. Агар спортчимизнинг Қўмитага нисбатан бошқа гаплари ва эътирозлари бўлса, уни очиқ ойдин, исбот ва далиллари билан келтириб ўтишини сўраймиз. Миллий Олимпия қўмитаси ҳар бир атлетимиз, мураббийларимиз ва федерацияларимизнинг фикр-мулоҳазаларини, юзага келаётган муаммоларни ичидан ўрганишга доимо тайёр эканини маълум қилади. Зеро, МОҚ ўзбек спорти оиласи учун хизмат қилади.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг эшиги спортчилар томонидан билдириладиган талаб, таклиф ва шикоятларни кўриб чиқиш учун очиқ эканлигини, ҳар қандай мурожаатни ўрганиб чиқиб, унга хулоса берилишини, ОАВда бу каби материалларни чоп этишдан олдин расмий (ёзма) мурожаат билан чиқиб, ўзаро ҳурмат ва спортча бирдамлик каби ғояларни эсдан чиқармаслик мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтамиз.