Ру En O'z
25 Ноябрь 2020 3918

Отабек Имамов: Камончилик ривожида маълум даражада ўсиш бор

“OlympicUz” ахборот-таҳлилий дастурида меҳмон бўлган Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имамов ўзининг икки йиллик фаолияти таҳлили, ушбу спорт тури ривожланишида юзага келган тўсиқлар, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сезиларли қадамлар, хорижда фаолият юритаётган ҳамюртимизни терма жамоага жалб қилиш масалалари каби мавзуларда сўзлаб берди.

— Отабек Собитжонович, федерацияни қабул қилиб олганингизга икки йилдан ошди. Ўша пайтда федерация олдига терма жамоага хорижлик мураббийларни жалб этиш, ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил этиш, имкон қадар Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритиш каби вазифалар қўйилган эди. Ташкилотни қабул қилиб олганингиздаги ҳолат билан ҳозиргисининг ўртасида қандай тафовут бор?

— Дарҳақиқат, икки йил тарих олдида катта давр бўлмасада, маълум бир ишларни амалга ошириш, натижага эришиш, таҳлил уилиш учун етарли фурсат. Пандемия барча соҳалар қатори спортга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Аммо бу баҳона бўлолмайди. Шу давр ичида катта ишларни амалга оширдик. Чекка ҳудудларда селекция ишларини олиб бориб, маҳоратли йигит-қизларни йиғиб келдик. Авваллари 400 нафар атрофида шуғулланувчилар бўлган бўлса, ҳозирда 650-700 нафарга яқин спортчимиз бор. Асли грузиялик, Туркия камондан отиш терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритган Владимер Леквеишвили айни пайтда бизда бош мураббийлик қилмоқда. Ушбу мутахассис келгач, Осиё чемпионатида Зокиржон Ғофуров кучли бешликдан жой эгаллади. Фарғоналик Зиёдахон Абдусатторова эса ёшлар ўртасидаги қитъа мусобақасида 4-ўринга муносиб кўрилди. Бу икки йиллик меҳнатларимиз маҳсулидир.
Камондан отиш бу азалий миллий ўйинларимиздан. Ота-боболаримиздан мерос, десак хато бўлмайди. Амир Темур саркардаларидан тортиб, энг ёвқур лашкарларгача ундан фойдаланган. Уни ривожлантириш учун биринчи асосий омил шу бўлса, иккинчидан, камончилик соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи кучли восита ҳамдир. Чунки бугунги ёшлар виртуал оламга ўтиб кетишган. Қўлига камон олган ўсмир нишонни мўлжалга олиш учун қайта-қайта уринади, ҳаракатда бўлади. Бу ўзига бўлган талабчанликни оширишга ёрдам беради. Республикамизнинг 6 та ҳудудида вилоят федерациялари ташкил қилинган. У ерда малакали мураббийларимиз иш олиб боришяпти. Хорижий мутахассислар иштирокида семинарлар ўтказдик. Жанубий Кореядан мураббий жалб қилганмиз. Келгуси йил бошидан ишга тушадиган ушбу мутахассис асосий эътиборини селекцияга қаратади. Мақсадимиз – камондан отиш тури бўйича ҳар битта вилоятнинг ўз базаси бўлишига эришиш.

 Барча вилоятларда ҳали ҳам федерация бўлимлари тўлиқ очилмаган. Бу камондан отиш спортининг ривожланишини ортга суради. Вилоят федерациялари фаолияти йўлга қўйилмаганининг жузъий сабаблари борми?

— Республиканинг барча ҳудудларини қамраб олиш – асосий стратегияларимиздан ҳисобланади. Шу масалада меъёрий ҳужжат тайёрлаганмиз. Тўсиқ, десак хато бўлади. Фақат ҳаракатни тезлаштиримиз керак. Камондан отиш маълум бир кўникмаларни талаб қилади. Шу сабабдан вилоятларга кириб борганимизда, малакали мураббий, интилувчан спортчилар бўлиши керак. Режа бўйича икки йилда бутун республикани қамраб оламиз, деган умиддамиз.

— Камончилар учун карантин пайти қандай ўтди?

— Бошқа спорт турларидаги каби спортчиларимиз ҳам уй шароитида машғулотларни олиб боришди. Бу борада бизга Жисмония тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси етарли шароит яратиб берди. Мусобақалардан олдин ZOOM платформаси орқали уларнинг юкламаларини доимий назорат қилиб бордик. Миллий терма жамоа машғулотлари тўхтаб қолмаслигини таъминладик. Ўтган йили спортчиларимиз бир ойда 700-800 дона ўқ отишар эди. Ҳозирда бу кўрсаткич 500 тани ташкил қиляпти. Албатта, бу пандемиянинг салбий таъсири. Маррани каттароқ қўйганмиз. Мураббийлар ва спортчилар билан бир жамоа бўлиб ишлаяпмиз. Биргаликда камчиликларни бартараф эта олишимизга ишонаман.

— Куни кеча Республика олимпия захиралари мактаб-интернатида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Табиийки ундан кўзланган ўзига хос мақсад бўлган. Биз эса мусобақада фойдаланилган камонлар ва ўқлар сифати ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик.

— Инвентарларга келадиган бўлсак, 6 та вилоятимизни камон, ўқлар, эпикировкалар билан таъминладик. Моддий-техника базамизни янада яхшилаш учун Туркиянинг “Navek” фирмаси билан шартномамиз бор. Туркия миллий терма жамоа аъзолари билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ўтган йили 6 нафар спортчимиз миллий камонкашлик бўйича бир ой давомида ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб келишди. Улар тўплаган тажрибаларини бугун ёш камончиларимизга ўргатишмоқда.

— Айтиб ўтганингиздек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сезиларли қадамлар кўзга ташланяпти. Ўтган йили Туркия камондан отиш федерацияси, Туркия камончилар Фонди ва Бутунжаҳон этник спорт турлари конфедерацияси билан уч томонлама учрашувда иштирок этган эдингиз. Камондан отишда Туркия билан илиқ муносабатлар ўрнатилган. Йиғинларимиз асосан ушбу давлатда ўтади. Улар миллий камончиликда кучли, бироқ Олимпия дастуридаги йўналишда у қадар эмас. Балки Корея, Ҳиндистон, Хитой каби етакчилар билан йиғин қилиб кўриш керакдир?

— Туркия ҳам айнан сиз айтган давлатлар билан бемалол рақобатлаша олади. Шу сабабдан ишни ушбу мамлакатдан бошладик. Кейинги босқичимиз Жанубий Корея билан бўлиб ўтади. Ўқув-машғулот йиғинларини Корея Республикасида ўтказмоқчимиз. Тўғри айтдингиз, Туркияда миллий камончилик яхши ривожланган. Бизда ҳам шундай ҳаракатлар бошлаб юборилган. Ўзбекистон “Тирандоз” камончилик клуби фаолият юритяпти. Бир ой ичида юз нафарга яқин ўғил-қиз ушбу спорт турига қизиқишини билдирган.

— Ўтган йил Таиландда ўтган лицензион мусобақага барча шароитлар яратиб берилди. Кетма-кет 3 ойлик халқаро йиғинлар бўлди. Хориждан мураббий олиб келинди. Раис сифатида фаолиятингизни бошлаганингизда ҳам айнан халқаро турнирлар сони ва сифатини оширишга урғу бериб, Токио-2020 йўлланмасини ҳам қўлга киритиш ҳақида айтиб ўтган эдингиз. Бироқ ҳалигача лицензия йўқ. Ягона умид жамоавий йўналишда қолди. Aммо у энди жаҳон миқёсида ўтади. Осиёда ололмаган лицензияни жаҳон миқёсидаги мусобақада қўлга кирита оламизми?

— Спортчиларимиз тўлақонли тайёргарлик кўриб келишяпти. Лекин бошқа спорт турларида ҳам учрайдиган бир жиҳатни айтишим керак, яъни камончиларимиз Осиё ареналарига чиққанда, Мўғулистон, Хитой, Корея каби давлатлар билан ёнма-ён туради. Биринчи марта чиққанда, ҳар қандай спортчини ҳаяжон босади. Шунинг учун олдимизга қўйган мақсадимиз – спортчиларимизни ҳар қандай турнирда кучлилар билан рақобатлаштириш, улардаги ҳаяжонни йўқотиш, халқаро тажрибасини ошириш. Ўзбекистонда 30 очко жамғарган спортчимиз хорижга чиқиб 27-28 очко оляпти. Агар спортчиимиз Бангкокда шу очкони йиға олганда, лицензия ҳозир қўлимизда нақд бўлар эди. Бу камчиликлардан керакли хулоса чиқарилган. Руҳий тайёргарликни кучайтирамиз. Маълум даражада ўсиш бор. Жаҳон кубогида бунга жиддий тайёргарлик кўриляпти. Спортчиларимизни ана шу муҳитга мослаштириш учун ҳаракат қиляпмиз.

— Икки йилдан бери шу соҳанинг ичида яшаяпсиз. Жиддий меҳнат қиляпсиз. Барибир етакчи мураббийсиз натижага эришиш қийин. Шу маънода, дунё тан олган мутахассисларни терма жамоага жалб этишнинг иложи борми?

— Кейинги олимпия цикли – Париж-2024 учун Кореядан мураббий олиб келишни режалаштирганмиз. Бунинг қийин тарафларини айтишимиз мумкин. Лекин шунча шароит яратиб берилаётган бир пайтда ўзимизни оқлашимиз инсофдан бўлмайди.

— Ханчжоу-2022 ва Париж-2024 учун тайёргарлик режалари қандай?

— Бу борада аниқ стратегиямиз бор.

— Терма жамоага Германияда ишлаётган ҳамюртимиз Наталя Бутузовани жалб қилиб кўриш варианти кўриб чиқилмадими?

— Ушбу мутахассисни таклиф қилганмиз. Пандемия чекловлари юмшаса, биз бу янгиликни эълон қиламиз. Ҳамюртимизнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш режамиз бор.

— Мазмунли суҳбатингиз ташаккур.

Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди.

Text to speech