Ру En O'z
14 Декабрь 2020 4918

Сардор Абдухолиқов: «Токио Паралимпиадасида лицензияларимиз сони икки бараварга кўп бўлади»

“OlympicUz” ахборот-таҳлилий дастурининг ушбу сонида Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси фаолияти, спортчиларимизнинг Токио-2020 Паралимпиадасига тайёргарлиги, имконият ва режалари ҳақида сўз борди. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон пара-енгил атлетика терма жамоаси бош мураббийи Сардор Абдухолиқов шу ҳақда сўзлаб берди.

— Ассоциация юртимизда имконияти чекланган спортчилар ўртасида турли даражадаги мусобақаларни ташкиллаштиради ва ўтказади. 2014 йилда Осиёнинг энг яхши спорт ташкилоти деб айнан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси тан олинганини яхши биламиз. Хўш, 13 йиллик фаолиятни олиб қараганда, паралимпия спорти бугун қай тарзда ривожланяпти?

— Ўтган давр мобайнида жамиятимизда имконияти чекланган инсонларнинг ўз қобилиятини намоён этувчи ташкилотга айландик. Спортчиларимиз Рио-2016 Паралимпиадасида улкан ғалабаларга эришди. Аллоҳнинг иродаси билан у ёки бу жисмоний нуқсонга дучор бўлган кишиларни ҳаётга иштиёқини ошириш мақсадида ташкил этилган паралимпия ҳаракати бугун бутун дунёда кенг оммавийлашди. Олимпиада билан ҳамоҳанг Паралимпия ўйинлари кенг масштабда ривожланиб, мана бугунги кунда юртимизда ҳам бу борада спорт турлари сони ортиб боряпти. 13 йил давомида уч марта Параосиё ўйинлари, икки марта Паралимпия ўйинларида, ҳар икки йилда бир марта жаҳон чемпионатларида иштирок этилди. Бундан кейин ҳам бу жараён изчиллик билан давом этади.

— Қисқа танаффусдан сўнг, спортчиларимиз янги йилдан ўқув- машғулот йиғинларига киришиб кетишади. Айтингчи, бу йиғинлар қачондан бошланади?

— Келгуси йилнинг 4 январидан пара-енгил атлетикачиларимиз билан машғулотлар учун БААга йўл оламиз. У ерда мусобақаолди бир ойлик йиғинни ўтказамиз. 7-13 февраль кунлари Паралимпия ўйинларига ҳал қилувчи лицензион мусобақа бўлиб ўтади. Унда спортчиларимизнинг муносиб иштирок этишларини таъминлашимиз керак.

— Спортчиларимиз Рио-де-Жанейрода ўтган XV Паралимпия ўйинларига 32 нафар спортчи билан ташриф буюриб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритган эди. Албатта, Токио Паралимпиадасида бундан ҳам кўпроқ медаллар кутилиши табиий. Айни пайтда олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари, кутилаётган натижалар ҳақида гапириб берсангиз.

— Айни пайтда 16та лицензиямиз нақд. Бу кўрсаткич янада ошиши керак. Ўтган тўрт йил давомида асосий эътиборни селекция ишларига қаратганмиз. Танлаб олинган спортчиларга етарли шароитлар яратиб берилди. Ҳатто 6-7 ойлик карантин даврида ҳам ҳеч бир спортчи эътибордан четда қолмади. Улар билан онлайн машғулотлар ўтказдик. Ҳатто энг чекка қишлоқлардан ҳам спортчилар жалб қилинди. Улар доимо мураббийлар назоратида туришди. Риода 5та спорт тури бўйича иштирок этган бўлсак, Токиода яна 3та янги йўналиш бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишни режалаштирганмиз. 2021 йил 1 апрелда лицензион мусобақалар тўхтатилади. Шу санагача йўлланмалар сонини икки баробаргача оширишни кўзда тутганмиз.

Селекция ишларида гувоҳи бўлдикки, имконияти чекланган кўплаб инсонлар ниҳоятда тушкун, ҳаётга қизиқиши сўнган кишилардир. Туғма нуқсондан ҳам кўра орттирилганлари жуда оғир кечади. Уларнинг руҳиятини кўтариш учун паралимпиячиларимизга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, спортчиларимизнинг юксак унвонлар билан тақдирланиши, қимматбаҳо машиналар тақдим қилинишини мисол келтирамиз. Аста-секинлик билан уларни руҳий ботқоқликдан олиб чиқамиз. Матонат ва жасорат кўрсатишни сўраймиз. Шу йўл билан улар орасидан иқтидорларни терма жамоага жалб этяпмиз.

— Бугунги кунда ўзбекистонлик паралимпиячилар дунёда кучлилар қаторида зикр этилишади. Бу бир томондан ғурур бағишлайди, албатта. Иккинчи томондан, бу ҳолат спортчиларимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Шу маънода йиғинларда спортчиларимиз шу вазифани ҳис қилиб машғулотлар ташкил этсалар керак. Ўқув-машғулот йиғинлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Пара-енгил атлетикачиларимиз Рио-2016да 7та лицензияни қўлга киритишган эди. Бу гал эса битта мусобақанинг ўзидаёқ 8та йўлланмани нақд қилиб қўйдик. Ҳали олдинда яна 3та халқаро стартимиз бор. БАА, Тунис ва Бразилияда ўтадиган мусобақалардан сўнг, жаҳон таснифида кучли 6таликка кирган спортчиларга йўлланма тақдим этилади. Албатта, соғлом инсонларга қараганда, паралимпиячиларимизнинг узоқ масофага учиши уларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилади – қон айланиши, мия фаолиятида, муҳитга мослашишида буни кузатиш мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, масофа яқин бўлган иккита мусобақада қатнашиш режалаштирилган. Шунда ҳам биргина пара-енгил атлетика бўйича Токио Паралимпиадасига 14-15та, балки ундан ҳам кўпроқ йўлланмани қўлга киритиш имкониятимиз бор.

— Рио Паралимпиадасида вакилларимиз спортнинг 5 та тури – енгил атлетика, сузиш, дзюдо, ўқ отиш, оғир атлетика баҳсларида иштирок этишган эди. Яна учта спорт тури қўшилгани ҳақида айтдингиз. Қайси йўналишлар ривожланди, деб ҳисоблайсиз? Яна қайси турлардан натижа кутишимиз мумкин?

— Айни пайтда бу йўналишлар бўйича лицензиялар нақд қилинган. Бу кўрсаткични янада яхшилаш имконияти бор. Бу спорт турлари – пара-таэквондо, пара-каноэ ва пара-академия. Бу йўналишларда жаҳон чемпионлари мавжуд. Улар Токиода совринли ўринлар учун ҳам даъвогарлик қилишади. Пара-стол тенниси янги йўналиш. Ўзбекистон чемпионати жуда ҳам яхши ўтди. Спортчиларнинг қизиқиши сезилиб турибди. Иқтидорлилари бор. Ханчжоу-2022 ва Париж-2024 ўйинлари учун улардан муносиб иштирок ва лицензиялар кутиб қоламиз.

Моддий-техник имкониятларимиз, мутахассислар малакасини ҳисобга олган ҳолда спорт турларини янада кенгайтирамиз. Паралимпиада дастурида 22 спорт тури мавжуд. Шулардан бири бу – бочча. Яъни соғломлардаги кёрлингнинг кўриниши. Уч нафар кўзи ожиз спортчининг баскетбол коптогини бир-бирига узатиш мусобақаси бўлган голбол спорт тури ҳам бор. 5×5 кўзи ожизлар футболи, велоспорт, от спорти турларида ҳам селекция ишлари бошлаб юборилган. Уларни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган.

— Бу йил пандемия шароити бўлса ҳам йил бошида халқаро ва маҳаллий мусобақалар, карантин даврида онлайн турнирлар ташкил қилинди. Мана шу қийин давр учун «Йилнинг энг яхши паралимпиячиси»ни аниқлаш анъанаси тўхтаб қолмайдими?

— Бу жараён ассоциациямиз томонидан кўриб чиқилди. Ҳақиқатдан ҳам спортчиларимиз мавсумда турли нуқталардан туриб мусобақаларда қатнашди. Кимдир қулай шароитда, яна биров ҳовлида ишда фаол иштирок этди. Шуларни инобатга олмасдан, йил паралимпиячисини аниқласак, адолатсизлик бўлади. Келгуси йили иккаласини битта қилиб тақдирлашни мақсад қилганмиз.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди

Text to speech