Ру En O'z
4 Июль 2022 1865

Илм-фандаги қарашнинг исботи, АҚШнинг пешқадамлиги ёхуд сув спорти турлари бўйича ЖЧ ҳақида фактлар

Венгриянинг Будапешт шаҳрида 17 июнь – 3 июль кунлари ўтган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Дунёнинг энг кучли спортчилари ўртасида кечган рақобатда АҚШ термаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Ушбу мақоламиз мусобақа атрофидаги қизиқарли фактлар ҳақида.

Таъкидлаш жоиз, пешқадамликни қўлга киритиш америкаликларга осон кечгани йўқ. Кутилганидек, улар билан Хитой термаси муросасиз рақобат олиб борди. Ҳар икки жамоа якунда бир хил 18 тадан олтин медалга сазовор бўлди. Фақатгина кумуш медаллардаги устунлик америкаликларни пешқадамга айлантирди. Бу борада кучли бешлик қуйидагича шаклланди:

1. АҚШ – 18-14-17 (49, жами медаль)
2. Хитой – 18-2-8 (28)
3. Италия – 9-7-6 (22)
4. Австралия – 6-9-4 (19)
5. Канада – 3-5-6 (14)

Медалларни йўналишлар кесимига бўлсак, АҚШнинг 18 олтин медалидан 17 таси сузиш дастурларида қўлга киритилган. Улар яна бир чемпионликка аёллар ўртасидаги сув полоси дастурида сазовор бўлишди.

Шунингдек, Хитой ҳам ўзининг “шоҳ” йўналиши ҳисобланмиш сувга сакрашда яққол доминантлик қилди. Чин ўлкаси вакиллари 2011 йилдан кейин бу гал ҳам барча дастурларда олтин медалларни ўзлариники қилишди. Ушбу спорт турида бу йил 13 та медаллар жамланмаси ўйналди.

Очиқ ҳавзада сузиш баҳсларида 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган италияликлар пешқадам бўлишди. Сув полосида эркаклар ўртасидаги беллашувларда испанларга тенг келадигани топилмади.

Синхрон сузиш баҳслари ҳам ўзига яраша эътиборли натижалар билан диққат-марказимизда бўлди. Даставвал соло дастуридаги машқ мобайнида америкалик Анита Альвареснинг ҳушини йўқотгани жаҳон ОАВ нигоҳида бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, спортчига аномал иссиқ таъсир қилган. Ҳозирда унинг аҳволи жойида.

Медаллар жамғариш бўйича ушбу дастурда яна Хитой жамоаси етакчилик қилди. Улар 4 та олтин ва 2 та бронза медаллари билан пешқадамга айландилар.

Яна бир аҳамиятли томони, дуэт йўналишида ҳам техник, ҳам эркин дастурда шоҳсупага кўтарилган спортчиларнинг кўрсатган натижасида бўлди. Нимаси билан дейсизми? Унда совриндорлар қаторидан жой олган барча спортчилар эгизак эди. Бу эса илм-фанда эгизакларнинг бир-бирларини ҳис қилишлари қолган жуфтликларга қараганда кучли, деган қараш қанчалик ҳақиқатга яқин эканини кўрсатмоқда. Ушбу дастурда олтин медалга сазовор бўлган хитойлик опа-сингил Лиуйи ва Цианйи Ванглар нафақат дуэт, балки жамоавий дастурларда ҳам яна 2 тадан, жами 4 та олтин медалга сазовор бўлишди.

Сузиш беллашувларида жами 3 та дунё ва 4 та жаҳон чемпионатларининг рекорди қайд этилди. Эътиборлиси, 2011 йилдан бери жаҳон чемпионатининг сузиш баҳсларида бунчалик кам жаҳон рекордлари ўрнатилмаган эди. Шунингдек, америкалик Кэти Ледеки кетма-кет беш бор дунё биринчилигида бир йўналишда ғалаба қозонган дастлабки сузувчига айланди. Ледеки 800 метрга эркин усулда сузиш бўйича бу гал ҳам тенгсиз бўлди.

Мусобақа аввалида хабар берганимиздек, унда 7 нафар спортчимиз сузиш, синхрон сузиш ва сувга сакраш дастурларида иштирок этишди. Терма жамоамиз анча камтарона натижа кўрсатган бўлса ҳам, муҳими бу турнир улар учун улкан тажриба мактаби бўлди. Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам Будапешт шаҳрига ташриф буюриб, расмийлар билан учрашувда кўплаб истиқболли режаларни муҳокама қилиб олишди.

Аслида, мусобақа ҳақида яна бир қатор қизиқарли фактларни учратиш мумкин. Аммо улар орасида диққатга сазовор қисмлари шулардан иборат эди.

Text to speech