Қуръа қўрқувми? Таниқли спортчи ва мураббийларимизнинг унга бўлган реакцияларини ўрганамиз
Қуръа спортнинг ажралмас қисми. У орқали кўплаб масалаларга, чемпионлик йўлига ойдинлик киритилади. Қуръа спорт тилида айтганда кимларнидир “ўлим гуруҳи”га ташласа, яна кимларгадир енгиллик яратиб беради. Нима бўлганда ҳам, атлетлар бунга рози бўлганча ўз мақсадлари сари майдонга чиқишади.
Спортчиларда ҳам психология ҳар хил. Қайсидир атлетлар мусобақадан аввал қуръа чиқишини кутиб ўтирса, кимлардир ҳаяжон сабаб беллашувлар бошланишидан аввал унга назар ташлайди. Шу ўринда, бугунги ўрганишимиз яккакураш спорт турлари бўйича эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Зеро, жамоавий турларда иштирокчилар дастлаб гуруҳларга бўлинган ҳолда иштирок этишади. Унда рақиблар турнирдан анча аввал аниқ бўлиб, жамоалар шунга қараб мусобақага тайёргарлик кўрадилар. Бироқ бугун биз дзюдо, бокс, спорт курашлари, таэквондо, қиличбозлик каби яккакураш спорт турларида атлетларимизнинг қуръага бўлган реакцияларини ўрганамиз.
Хўш, улар орасида кимлар мусобақадан бир кун аввал ташланадиган қуръага қарашади? Ва аксинча, кимларда ҳаяжон кучли? Бу борадаги жавоблар сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз. Ушбу мақолада спортчиларнигина эмас, баъзи мураббийларнинг ҳам бу борадаги фикрларини ўргандик. Демак бошлаймиз, спортчиларимизга берилган савол ва уларнинг жавоби қуйидагича:
– Мусобақалардан бир кун аввал қуръа натижасига қарайсизми? Жавобингизни изоҳлаб беринг.
Арам Варданян, юнон-рум кураши бўйича ЖЧ совриндори: “Бир кун олдин қуръага қарамайман. Чунки рақибимни билсам, миямга кераксиз нарсалар ўрнашиб қолади. Кейин рақибга қарши ҳар хил усул ва тактикалар ҳақида кечаси билан ўйлаб чиқаман. Бу нарса ухлатмайди ва эртаси кун бўладиган мусобақага тўлиқ тайёр бўлишимга катта салбий таъсир қилади”.
Бекзод Абдураҳмонов, эркин кураш бўйича Токио-2020 совриндори: “Мен учун рақибимни ким эканини билиб олганим яхши. Чунки буни билгач, кўнглим хотиржам бўлади. Шу билан бемалол ухлайман. Тўғри, баъзилар рақиблари ҳақида билиб қолса, беллашув ҳақида ўйлаб ҳаяжонланишади. Менда унақа ҳис йўқ. Аксинча, рақибимни билолмасам, ҳаяжон босади. Рақиб аниқ бўлгач, унга қараб ҳар томонлама тайёргарлик кўраман”.
Гулноза Матниязова, дзюдо бўйича Осиё чемпиони: “Биринчи ва иккинчи босқичларда ким билан чиқишимга ҳеч қачон қарамаганман ва бундан кейин қарамайман ҳам. Рақибим кимлигини татамига чиқаётган пайтим биламан. Бу табиатимни яқинларим ва устозларим билишади. Шу боис қуръа натижаси ҳақида ҳеч ким менга индамайди. Боиси, бир кун қуръани кўриб қолсам, кечаси билан рақибим билан хаёлда курашиб чиқаман”.
Диёра Келдиёрова, дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони: “Кўплаб енгил вазн вакиллари қатори мен ҳам бир кун аввал қуръага қарамайман. Беллашув бўладиган куни эрталаб, чигалёзди машғулотлар вақтида рақибларим билан танишиб чиқаман. Кечқурун тинч ва хотиржам ухлашим учун қуръани ўйламаслигим керак”.
Ришод Собиров, дзюдо бўйича 3 карра Олимпиада совриндори: “Мен қуръага қарар эдим. Рақибимни билиб олиб, унга қарши ўзимни тайёрлайман. Қуръага қарасам ҳам, қарамасам ҳам, ўша мусобақага келган спортчилар билан тушаманку”.
Баҳодир Жалолов, бокс бўйча Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони: “Боксда ҳамма қарайди. Дзюдо, кураш ёки бошқа спорт турларида беллашувлар 1 кунда ўтиб кетгани учун кўпчилик қуръага қарамайди. Бизда 10 кунгача ҳам давом этадиган мусобақалар бор. Шу боис рақибимизнинг кимлигини билиб олишимиз биз учун фойда. Буни боксчиларимиз номидан жавоб сифатида қабул қилишингиз мумкин. Бизда ҳамма қуръа билан ишлайди”.
Улуғбек Рашитов, таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони:
“Мен, албатта назар соламан. Қуръа натижаси расман эълон қилингач мураббийим билан қайси рақибга қандай тактика қўйиш керак, унинг нозик ва кучли томонлари ҳақида муҳокама қиламиз. Шунингдек, кейинги босқичларда тўқнаш келадиган эҳтимолий рақибларни ҳам ўрганамиз”.
Зайнаб Дайибекова, қиличбозлик бўйича ЖЧ совриндори: “Жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадада қатнашганимда қуръага қарамаганман. У пайт ҳозир ким билан тушаман, кейин ким рақиб бўлади каби саволларга аҳамият бермайман. Бор эътиборим мени майдонда кутиб турган рақибимга қаратилади. Ундан кейин ким билан тўқнаш келишимни кўриб, ўша рақибга ўзимни тайёрлайман. Жаҳон кубоги, Осиё чемпионатларида ҳаяжон нисбатан пастроқ. Шу боис уларда қуръани ўрганиб чиқаман”.
Хўш, мураббийлар бу борада қандай фикрда?
Жасур Бойқўзиев, таэквондо: “Спортчилик фаолиятимда ҳам, мураббийликда ҳам рақибнинг ким эканини олдиндан билиш керак, деган фикр тарафдориман. Бизнинг спортда ҳам беллашувлар бир кунда ўтишига қарамай, рақибларнинг ким бўлишини билиш, уларга қарши ҳар томонлама тайёргарлик кўриш лозим. Биласизми, бизнинг спортда мусобақадан аввал 70-80 фоиз аниқликда рақиблар бир-бирларини билиб бўлади. Айтайлик, бир турнирга 32 нафар спортчи келган бўлса, қоидага кўра, биринчи сараланган таэквондочи ўттиз иккинчи билан, иккинчи рақам эса ўттиз биринчи тартибдаги спортчи билан тўқнаш келади. Рўйхатга олиш якунлангач, шу тариқа рақибларни тахмин қилиш мумкин. Кейин шунга қараб шогирдларимизни тайёрлаймиз”.
Бекзод Тўрабоев, дзюдо: “Баъзи шогирдларим мусобақадан аввал қуръага қарайди, баъзилари йўқ. Қуръа натижаси билан қизиқадиганларнинг кўпчилиги оғир вазнлилар бўлади. Боиси енгил вазндаги полвонлар қуръанинг эртасига курашишади. Улар беллашувларга тўлиқ тайёр бўлишлари учун хотиржам ухлашлари лозим. Аксинча, енгил вазнда қуръага қарайдиган шогирдларим ҳам бор. Мен бундай ҳолатда уларнинг ўзларига қўйиб бераман. Қуръага қарайсан ёки қарамайсан деб уларни мажбурламайман”.
Владимир Назлимов, қиличбозлик: “Рақибларга назар ташлаш керак. Ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша кучли томонлари бўлади. Масалан, кореялик қиличбозлар жангда жуда агрессив ҳаракат қилишади. Ҳозир уларнинг орасига қитъамизда Эрон ҳам қўшилди. Рақибларга қараб шогирдларимизни жангга тайёрлаймиз. Жамоамиз негизини ёшлар ташкил этишади. Шу боис асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка кўпроқ қаратмоқдамиз. Кейинчалик қуръа билан боғлиқ руҳий жиҳат устида ҳам ишлаймиз”.
Кўриб турганингиздек, бу борадаги қарашлар, фикрлашлар ўзгача. Шубҳасиз, булар ҳар бир спорт туридаги қоидалар, регламент ва албатта, спортчининг психологиясидан келиб чиққан ҳолда шаклланган. Қуръа кимни “тақдим қилиши”дан қатъий назар атлет ўзини мусобақага тўла тайёрлай олиши энг муҳимидир.