Ру En O'z
16 Декабрь 2021 2008

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси муҳокама қилинди

Бугун МОҚ қошида фаолият олиб бораётган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб борадиган тайёргарлик режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, марказ шифокорлари, шунингдек, федерация ва ассоциацияларимизда фаолият олиб бораётган ушбу соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Йиғилишни МОҚ раиси очиб берди ва соҳанинг ўзбек спорти тараққиётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

“Токио-2020 Олимпия ўйинлари циклида жуда мураккаб шароитда тайёрландик. Шу ўринда, пандемия даврида кўрсатаётган улкан хизматларингиз учун яна бир бор ташаккур айтиб ўтмоқчиман. Ҳозирги вазият ҳам осон эмас. Янгича штамм ва касалликлар тарқалиб, ишимизни мураккаблаштирмоқда. Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан федерацияларимизда шифокорлардан ташқари диетолог, психолог ва массажчи штат бирликлари ташкил этилиб, улар тўлиқ молиялаштирилди. Келгусида ҳам ана шундай комплекс тайёргарликни давом эттирамиз. Унутманг, юртбошимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистон ривожида спорт тиббиётининг ҳам алоҳида ўрни бор”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида МОҚ раҳбарияти томонидан соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганган ҳолда уларни бартараф этиш, маҳаллий шароитда фармацевтика йўналишини ривожлантириш, базалардаги назоратни янада кучайтириш, янгича методикаларни кенг татбиқ қилиш бўйича топшириқ берилди.

Шундан сўнг Абдушукур Садиков ўтган Олимпия ўйинлари циклида марказ фаолияти бўйича ҳисоботни ўқиб эшиттирди ва янги режалар ҳақида ўртоқлашди. Унга кўра, келгуси йил 1 январь кунидан бошлаб марказда ҳар куни 24 соат ишлайдиган “call-centre” фаолияти йўлга қўйилади. 1193 рақами билан боғланиладиган ушбу марказ нафақат терма жамоаларимиз, балки фуқароларимиз учун ҳам хизмат қилиб, ўз таркибида умумий йўналиш, психолог ва бошқа тор доирадаги мутахассисларни жамлайди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар билан кўтарилган мавзулар бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Text to speech