Ру En O'z
2 Ноябрь 2021 1941

Тошкентда МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбарлари иштирокидаги минтақавий форум ўз ишини бошлади

Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбарлари иштирокидаги минтақавий форум ўз ишини бошлади.

Тадбирда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон МОҚ раҳбарияти, шунингдек, федерация ва ассоциацияларимиз мутасаддилари иштирок этишди.

Форумни Азиз Абдуҳакимов очиб берди ва меҳмонларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Президентимизнинг соғлом турмуш тарзи тарғиботи, жисмоний тарбия ва спортга қаратаётган эътибори хусусида батафсил маълумот берди. Шундан сўнг Форум координатори, Россия Олимпия қўмитаси Бош котиби ўринбосари, халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Юрий Юрьев сўз олди. Юрий Николаевич Форумда иштирокчиларни бирма-бир таништириб, бу йилги йиғилишни ўтказишдан мақсад, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, режалар хусусида гапириб ўтди.

Тадбирнинг очилиш қисмида Отабек Умаров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

“Бугунги кунда Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги барча мамлакатларни бирлаштирувчи платформалар унчалик кўп эмас. Улар орасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик муҳити ҳукм сураётганлари унданда камроқ. Қувонарлиси, МОҚ раҳбарлари форуми айнан шундай ҳамкорлик форматларига тааллуқлидир. Бугун 2020 йилдаги мажбурий танаффусдан сўнг биз Тошкентда учрашганимиздан чексиз хурсандман. Мулоқот самимий ва мунозаралар самарали бўлишига чин дилдан умид қиламан. Чунки ундаги умумий мақсад кўз ўнгимизда ўзгараётган дунёда олимпизм тамойиллари ва ғояларини илгари суришга ундайди”.

Шунингдек, Форум давомида Ўзбекистон МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ўз дастури билан маъруза қилди. Унда мамлакатимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари, давлатимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш учун қаратилаётган эътибор, атлетларимизнинг халқаро майдонда эришаётган ютуқлари, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш учун ташланган дастлабки қадам ва бошқа бир бир қатор масалалар хусусида тўхталиб, қуйидаги таклифларни илгари сурди:

Биргаликда Халқаро тоифадаги ҳакамлар ва рефериларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
 Замонавий спорт ва таълим методикалари, инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда мураббийлар, менежерлар, спорт таҳлилчилари ва бошқа мутахассисларни биргаликда тайёрлаш;
– Терма жамоалар учун қўшма халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, кейин эса турли турнир ва мусобақаларни ўтказиш;
– Спорт тиббиётини ривожлантириш, хусусан, спорт шифокорларининг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш;
– Спорт фармакологиясини ривожлантириш, спортчилар учун тақиқланмаган дори воситаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқариш йўналишидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш.

Бу таклиф форум қатнашчилари томонидан маъқулланди ва келгусида ўзаро малакали кадрларнинг ўзаро тажриба алмашишларини йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқилиш ҳақида келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, Форум меҳмонлари Тошкент мазкур тадбирга илк бор мезбонлик қилаётган бўлса ҳам, унинг юқори савияда ташкил этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Форум давом этмоқда. Олдинда бошқа иштирокчи давлат вакиллари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишади. Бу ҳақида батафсил келгуси хабарларда таништириб ўтамиз.

Text to speech