Тошкентда қиличбозлик бўйича халқаро конференция иш бошлади
Бугун пойтахтимизда қиличбозлик бўйича Осиё, Пан Америка ва Африка конфедерацияларининг ҳамкорликдаги конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда ҳар уч минтақа конфедерацияларининг раҳбарияти, унга аъзо 30 дан ортиқ миллий федерациялар вакиллари иштирок этишмоқда.
Конференциянинг мавзуси “Осиё ва бошқа қитъаларда қиличбозликни ривожлантиришнинг инновацион услублари” бўлиб, унда сўнгги давр, айниқса, коронавирус пандемияси пайтида ривожланишнинг янги методологияси бўйича қимматли маълумотлар алмашинмоқда. Бугунги тадбирни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди. Қўмита раҳбари сўз ўрнида Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бунинг самарасида барча турлар қатори қиличбозликнинг ривожланиб бораётгани хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Пан Америка қиличбозлик конфедерацияси президенти Виталий Логвин, Африка қиличбозлик конфедерацияси президенти Эмбанник Ндие, Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти вазифасини бажарувчи Русни Абу Ҳасан, шунингдек, ушбу ташкилотларнинг бир қатор мутасаддилари ўз тақдимотларини намойиш қилишди. Унда сўз олган спикерлар қиличбозлик спортини ривожлантириш, бунинг учун жойларда олиб борилаётган лойиҳалар, йўлга қўйилган семинар ва ўқув-курслари, келгусидаги лойиҳалар хусусида маълумот беришди.
“Қиличбозлик спортининг янада ривожланиши учун йўл очаётган Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Апрель ойида эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб турганда айнан бу давлат ташаббус билан Осиё минтақаси учун ўтган Токио-2020 лицензион мусобақасини қабул қилди. Буларнинг барчаси жаноб Президент Мирзиёевнинг эътиборлари қандай эканини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, ўзбек қиличбозларининг ҳам халқаро майдондаги натижалари тобора ўсиб бормоқда”, – деди Виталий Логвин.
Тадбир давомида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова Тошкентда очиладиган мураббийларни ўқитувчи халқаро академия фаолияти ҳақида маъруза қилди.
Конференция кун охирига қадар давом этади. Унда қиличбозлик спортининг истиқболи, янги инновацион йўналишлар, жумладан, мактаб ўқувчилари учун интерактив олимпик энциклопедия яратиш, йирик мусобақаларни ўтказишда янгича технологиялардан фойдаланиш каби 10 га яқин мавзулар атрофлича муҳокама қилинади.