Пойтахтимизда фаолият бошлаётган Осиёда ягона қиличбозлик академияси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Президентимизнинг юртимизда спорт соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг тажрибасини ошириш борасида берган топшириқлари, мазкур йўналишдаги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил мамлакатимизда илк бор Осиё қиличбозлик Академияси ташкил этилмоқда. Академия Халқаро қиличбозлик федерацияси, ЎзР Туризм ва спорт вазирлиги, МОҚ, ЎзДЖТСУ билан ҳамкорликда очилмоқда. Унда қитъамизнинг энг кучли мутахассислари мазкур спорт турида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича фаолият олиб боришади. Бугун МОҚда мазкур академия очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ЎзДЖТСУ ректори Маҳмуд Болтабоев, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, Спорт яккакурашлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби мураббийи Геннадий Пелих иштирок этишди.
Даставвал Гулнора Саидова академия фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
“Бу Осиёдаги биринчи академия бўлади. Унда ҳозирча мураббийларни тайёрлаш кўзда тутилган. Қиличбозлик спортида бундай академиялар Европа ва Пан Америка минтақасида мавжуд холос. Ҳозирда академия фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришнинг сўнгги босқичи амалга оширилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, бу лойиҳани қўллаб-қувватлаётган ҳукуматимиз ва ЎзДЖТСУга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Бу билан ўзбек спортининг ривожланиб бораётганини яққол кўрсата оламиз”, – деди Г.Саидова.
Ўз навбатида Маҳмуд Болтабоев ҳам академия фаолияти ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорлик борасида йўлга қўйилган ишлар хусусида гапириб ўтди.
Қайд этиш жоиз, Академия тўлиқлигича Халқаро қиличбозлик федерацияси томонидан молиялаштирилади. Ўқиш 1 йилга мўлжалланган бўлиб, унда яқинда фаолиятини тугатган ва мураббий бўлиш истагидаги 6-8 нафар собиқ спортчилар халқаро федерация томонидан танлаб олинади. Қувонарлиси, ҳозирнинг ўзида мазкур академияда таҳсил олишни истаган абитуриентларнинг талабномалари мавжуд.
Анжуманда иштирок этган журналистлар Академия фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Унда бир қатор қизиқарли мавзуларда қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.