VIII Тошкент халқаро марафони ўтказилмоқда
Пойтахтимизда VIII Тошкент халқаро марафони бошланди. Эрта тонгдан спортсевар юртдошларимиз, мусобақа меҳмонлари “Ҳумо арена” мажмуаси олдидаги майдонда жам бўлишди.
Тадбирнинг очилиш маросимида қатнашган расмийлар мусобақа нуфузи ва унга қизиқиш йил сайин ортаётгани, бу орқали юртдошларимиз орасида оммавий спорт ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлашди.
Шундан сўнг марафон йўналишидаги дастлабки баҳсларга старт берилди. 42 км, 195 метр масофага кечган беллашувда ҳамюртимиз Шоҳруҳ Давлатов ғалаба қозонди.
🥇 Шоҳруҳ Давлатов (Ўзбекистон)
🥈 Андрей Петров (Ўзбекистон)
🥉 Владислав Прямов (Беларус)
Кун давомида иштирокчилар 21 км, 10 км, 5 км масофаларда югуришади. Шунингдек, скандинавча юриш, инклюзив йўналиш ва болалар ўртасида ҳам баҳслар ташкил этилади.
Ташкилий қўмитанинг маълум қилишича, мазкур мусобақаларда 50 дан ортиқ мамлакатдан 15 000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.