28 Апрел 2026 222

Қаршида янги сув спорти саройи фойдаланишга топширилди

Бугун Қарши шаҳрида замонавий сув спорти саройини фойдаланишга топшириш тадбири ва синхрон сузиш бўйича “Сув париси” халқаро мусобақасининг ғолиб ҳамда совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Касаба уюшмалари ҳамда “Узбекистан Ақуатисс” федерациялари раҳбарияти, шунингдек, мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Марказий Осиё давлатлари Касаба уюшмалари кенгаши мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ворлд Ақуатисс” бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева мазкур мажмуанинг очилиши юртимиз спорти ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у давлатимиз ва Касаба уюшмалари федерацияси томонидан сув спорти турларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Шунингдек, юртимизда синхрон сузиш бўйича ўтказилган “Сув париси” халқаро мусобақасида шоҳсупага кўтарилган бир гуруҳ спортчиларни тақдирлаш маросими ҳам ташкил этилди.

Мазкур мажмуа барча замонавий қулайликларни ўзида мужассам этган бўлиб, турли йўналишларга мўлжалланган жами 4 та ҳавза ҳамда 2 та машғулотлар залини ўз ичига олади. Шунингдек, 700 нафар томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар мавжуд.

Табиийки, бундай шароитда сув спортининг барча йўналишлари бўйича халқаро мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун имкониятлар яратилган. Расмийлар Касаба уюшмалари ҳомийлигида барпо этилган ушбу иншоот келгусида халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Text to speech