Ёшлар Пара Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон делегацияси тантанали кутиб олинди
7-14 декабрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ёшлар Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон делегацияси бугун Тошкентга етиб келди.
Мусобақа қаҳрамонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдурахманов, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти томонидан тантанали кутиб олинди.
Шундан сўнг “Олимпия шаҳарчаси”да Дубай-2025 ёшлар Пара Осиё ўйинларида муваффақиятга эришган юртдошларимизни тақдирлаш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг пара спортчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, тадбирда сўз олган расмийлар ёш пара спортчиларимизни эришган муваффақияти билан қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятларида ҳам улкан зафарлар тилашди.
Тадбир давомида мусобақада совриндор бўлган спортчилар ва уларнинг мураббийлари 1 марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.