25 Январ 2026 46

Спорт вазирлигида Россия Федерацияси Спорт вазири бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси доирасидаги тадбирларда иштирок этиш мақсадида Россия Федерацияси Спорт вазири Михаил Дегтярев айни кунларда мамлакатимизга ташриф билан бўлиб турибди.

Бугун Спорт вазирлигида мазкур делегация аъзолари иштирокида учрашув ўтказилди. Тадбирда Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва расмийлар иштирок этди.

Учрашувда 2025 йилда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги якунлари, 2026 йилда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Меҳмонларга Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида бунёд этилган Олимпия шаҳарчаси имкониятлари ҳақида видеоролик намойиш этилди ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларини ўтказиш борасида эришилаётган ютуқлар борасида тақдимот ўтказилди.

Тадбир давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Баённома ҳамда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган тадбирлар режаси имзоланди.

Шунингдек, Россия Федерацияси Спорт вазири Михаил Дегтярев ўз нутқида Ўзбекистон спортчиларининг йирик халқаро мусобақаларда эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида бунёд этилган замонавий Олимпия шаҳарчаси имкониятларини юқори баҳолади.

Манба: Спорт вазирлиги

Text to speech