10 Апрел 2026 129

Таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Хабар берганимиздек, 12-17 апрель кунлари пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бугун Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (World Taekwondo) вакиллари дастлаб музей тарихи, ўзбек спортининг ютуқлари ва шонли ўтмиши билан яқиндан танишди. Матбуот анжуманида World Taekwondo, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раҳбарияти, мусобақада иштирок этадиган спортчиларимиз ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида World Taekwondo етакчиси Чунгвон Чои мамлакатимиздаги таэквондо ривожи ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдириб ўтди:

“Ўзбекистон Токио-2020, Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳам таэквондо, ҳам пара таэквондо беллашувларида олтин медаль қўлга киритган ягона мамлакат бўлди. Ҳатто таэквондо ватани Жанубий Корея ҳам бундай натижага эга эмас. Кеча Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, катта таассурот олдим. Юртингизнинг бой маданий меросга эга эканига жамоам билан амин бўлдик. Мамлакатингизда қад ростлаган Олимпия шаҳарчаси ҳам спорт тараққиёти янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказган. Ёшлар миқёсидаги мусобақага аъло даражада тайёргарлик кўрилди. Тошкент келгусида катталар ўртасидаги дунё биринчилигини ҳам қабул қилса, мамнун бўламиз”.

Ўз навбатида, ўзбекистонлик расмийлар давлатимиз томонидан таэквондо ривожига қаратилаётган эътибор ва бунинг натижасида жаҳон чемпионати ҳамда Олимпиадаларда спортчиларимиз муносиб иштирок этаётганини, бунинг учун зарур инфратузилма яратилганини таъкидлашди.

Анжуман давомида World Taekwondo масъуллари эртага бўлиб ўтадиган ташкилот Бош Ассамблеясида янги қоидалар маъқулланиши кутилаётгани ва юртимизда бўладиган мусобақа синов тариқасида ана шу ўзгаришлар асосида ўтказилишини маълум қилишди.

15-бор ташкил этиладиган жорий мусобақада дунёнинг 115 мамлакатидан 1000 нафарга яқин спортчи иштирок этади. Анжуман давомида ОАВ вакиллари мусобақа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Text to speech