Осиё аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш бўйича учрашув ўтказилди
Пойтахтимиздаги муҳташам “Олимпия шаҳарчаси” аралаш жанг санъати (ММА) бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига саралаш мусобақаси ташкил этилмоқда. Бугун мазкур турнирлар доирасида Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Осиё аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Президенти Гордон Танг билан учрашув ўтказди.
Суҳбатда жаноб Танг мусобақа юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб, ёшлар ўртасидаги баҳсларда 6 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғарган ҳамюртларимизни умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритгани билан қутлади.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва истиқболдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.