Ўзбекистон ва UCI ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) президенти Давид Лаппартян бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда велосипед спортини янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда мамлакатимизда велоспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш, шунингдек, юртимизда нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада UCI билан тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Давид Лаппартян Ўзбекистонда спорт соҳасида, хусусан, велосипед спорти инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, UCI мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.