Фаол спорт волонтёрлари тақдирланди
Бугун Олимпия шаҳарчасида 2026 йил давомида халқаро ва республика спорт тадбирларида фаол иштирок этган волонтёрларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти иштирок этиб, волонтёрларининг мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва нуфузли мусобақаларни юқори савияда ташкил этишдаги ўрнини эътироф этдилар.
Маросим давомида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси, бир қатор спорт челленжлари ҳамда пара атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида фаолият олиб борган волонтёрларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, Президент Олимпиадаси мусобақаларида иштирок этган волонтёрлар ҳамда координаторлар алоҳида эътироф этилди. Мазкур мусобақалар давомида жами 353 нафар волонтёр фаолият олиб борган.
Қайд этиш жоиз, волонтёрлик ҳаракати “Youth Sports Leaders Program” (YSLP) дастури асосида 2025 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ўзида 8 мингдан ортиқ фаол кўнгиллиларни бирлаштирган.