Президент қарорининг мазмун-моҳияти ОАВ ходимларига етказилди
Бугун ОАВ учун Контент тайёрлаш марказида бир неча кун аввал эълон қилинган "Спорт соҳасини рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-396-сон Президент Қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари иштирок этиб, ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Анжуманнинг дастлабки қисмида қарор билан спорт соҳасига жорий этилаётган қатор рақамли янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, My Sport мобил иловаси орқали спорт хизматлари рақамлаштирилиб, фойдаланувчиларга ўзларига яқин ҳудуддаги спорт иншоотлари ва уларнинг фаолиятига оид маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади. Қолаверса, республика чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари учун электрон диплом ҳамда сертификатлар жорий этилади.
Бундан ташқари, республика олий спорт маҳорати мактаблари негизида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил этилиши, МОҚ ҳудудий бўлимлари ижрочи директорларининг бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимларининг спорт бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиши белгиланган. Таълим ва спорт соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида эса спорт тизимининг E-maktab ахборот тизими билан интеграция қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, айрим спорт мактаблари ва объектларининг маъмурий бинолари тегишли ҳудудий спорт муассасалари балансига ўтказилади, Олимпия терма жамоалари маркази маъмурияти эса Олимпия шаҳарчасига жойлаштирилади. Шу билан бирга, Осиё ўйинларида медаллар учун курашаётган ноолимпия спорт турларини ривожлантириш мақсадида турдош ноолимпия спорт турлари конфедерациясини ташкил этиш бўйича таклиф Ҳукуматга киритилгани, айни пайтда мамлакатимизда мазкур йўналишда 50 дан ортиқ республика федерацияси фаолият юритаётгани таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида ОАВ вакиллари шу ва бошқа мавзулар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.