6 Ноябр 2026 204

Отабек Умаров номзоди ИКА Президентлигига тавсия этилди

Ташкилотнинг навбатдаги XXII Конгрессида Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбариятидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Конгресс кун тартибига мувофиқ, ассоциация раҳбариятининг ҳисоботлари тингланиб, 2025-2026 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Тадбирда Осиё Олимпия кенгаши висе-президенти, Ўзбекистон МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, МОҚ раиси, Халқаро кураш ассоциациясининг фахрий Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида кураш спорти ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида улкан ишлар олиб борилаётгани, миллий спортимиз халқаро майдонда ўз нуфузини ошириб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Халқаро кураш ассоциациясининг (ИКА) 2027 бўлиб ўтадиган Конгрессида ташкилотга янги Президент сайланади. Бугунги анжуман давомида халқаро спорт соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, юртимиз ва Осиё спорти ривожига қўшган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда курашни изчил ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида Отабек Муҳаммадалиевич Умаров номзоди Конгресс томонидан ташкилот раҳбарлигига илгари сурилди ва бу ташаббус делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Эслатиб ўтамиз, сайлов жараёни ташкилотнинг кейинги йили ўтказиладиган Конгрессида бўлиб ўтади.

Йиғилишда Қозоғистон, Литва, Шри-Ланка, Иордания, Франция, Сурия, Швейцария, Арманистон, Италия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн миллий федерациялари халқаро ассоциация аъзолигига тасдиқланди. Қолаверса, мусобақаларни ташкил этиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, ҳакамлик ва рейтинг тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Text to speech