Акбар Жўраев – 4 карра жаҳон чемпиони!
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Акбар Жўраев Хитойнинг Нинбо шаҳрида якунига етиб бораётган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Ҳамюртимиз -110 кг вазн тоифасида иштирок этиб, тўртинчи бор дунёда тенгсиз эканини исботлади.
Дастлаб даст кўтариш машқида 198 кг билан жаҳон рекордини янгилаган Акбар силтаб кўтаришда ҳам феноменал чиқишини давом эттирди. Иккинчи дастурдаги 234 кг ва умумий 432 кг билан Жўраев яна икки йўналишда биринчи бўлди ва мутлақ чемпионликка эришди. Унинг икки курашдаги 432 кг натижаси мазкур йўналишдаги янги жаҳон рекордига айланди.
Мазкур дунё биринчилиги Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан янада аҳамиятли эди. Ҳамюртимиз 2 та жаҳон рекорди билан қўшимча бонус очколарига ҳам эга бўлмоқда. Баракалла, Акбар!