6 Ноябр 2026 921

Футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия медиа терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилади

Маълумки, 12 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Мазкур баҳсдан аввал 10 ноябрь куни ҳар икки мамлакатнинг медиа футбол терма жамоалари ўртасида ҳам ўйин ўтказилиши режалаштирилган. Беллшув медиа футбол қоидалари асосида ташкил қилиниб, унда санъаткорлар, блогерлар, инфлуэнсерлар ҳамда таниқли футболчилар иштирок этади.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — оммавий спортни кенг тарғиб қилиш ва аҳолини соғлом турмуш тарзига ундаш. Медиа футболнинг энг муҳим жиҳати ҳам айнан шундан иборат.

Ўзбекистон терма жамоаси сафида Ҳамдам Собиров, Митти.ме, Бек Винес, Азимчик Винес, Комил Беном, Бадриддин Ҳусниддинов каби таниқли медиа шахслар, шунингдек, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Тимур Кападзе ва Миржалол Қосимовдек ўзбек футболи афсоналари майдонга тушади.

Россия терма жамоаси ҳам Тошкентга юлдузли таркиб билан ташриф буюради. Жамоа сафида Михаил Литвин, Анар Абдуллаев, Филипп Воронин, Роман Павлюченко каби таниқли футболчилар иштирок этади.

10 ноябрь куни соат 16:00 дан бошлаб томошабинлар учун шоу дастури бошланади. Баҳс олдидан Рухсораэмм, Адел, DJ King Maccarella, Божалар, Ҳамдам Собиров ҳамда Беном гуруҳи иштирокида мусиқий чиқишлар намойиш этилади.

Text to speech