Ўзбекистон делегацияси Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларини кучли бешликда якунлади
Ўзбекистон делегацияси Аичи-Нагоя-2026 ХХ ёзги Осиё ўйинларидаги иштирокини тугатди. Атлетларимиз бу галги мусобақада 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза, жами 70 та медаль қўлга киритиб, қитъанинг энг йирик спорт мусобақасида умумжамоа ҳисобида фахрли 5-ўринни эгаллади.
Бу Марказий Осиё минтақаси ва Ислом бирдамлиги ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши натижа бўлди.
Шубҳасиз, делегациямизнинг Осиё ўйинларида қаторасига учинчи бор 5-натижани қайд этаётгани Президентимиз ва давлатимиз томонидан спортни қўллаб-қувватлаш, спортчилар учун яратилаётган шароитларни мунтазам яхшилаш борасида олиб борилаётган амалий ишларнинг самарасидир.
Ҳамюртларимиз Осиё қитъасининг 45 мамлакатидан ташриф буюрган 11 мингга яқин спортчилари орасида юксак матонат билан иштирок этишди. Хусусан, курашчиларимиз 4 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, етакчилик кўрсатишди, бокс бўйича эркаклар терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида биринчи, дзюдо ва таэквондо WТ жамоаларимиз эса иккинчи ўринни эгаллади.
Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари олдидан жамоаларимизда авлодлар алмашинуви юз бермоқда. Шиддатли беллашувларда Шоҳсанам Шерзодова, Ўткирбек Жўраев, Сита Қадамбоева, Тўрабек Ҳабибуллаев, Барнохон Сайфуллаева, Шарифа Давронова, Айтжан Халмаханов, Жасурбек Жайсунов, Шаҳзод Нурматов, Собир Сафаралиев каби номлар кашф этилиб, бу жараён муваффақиятли кечаётганини кўрсатди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу муносиб натижа билан барча юртдошларимизни, спортчи ва мураббийларимизни, федерациялар мутахассислари ҳамда Ўзбекистон делегациясининг муваффақияти йўлида меҳнат қилган барча инсонларни самимий муборакбод этади.
Аичи-Нагоя-2026 давомида жонажон Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимизга унутилмас қувонч ва фахрли лаҳзаларни улашган спортчиларимизга миннатдорчилик билдирамиз.
Биз сизлар билан фахрланамиз, Янги Ўзбекистоннинг музаффар спортчилари!