4 Сентябр 2026 161

Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейи 30 ёшда

Ўттиз йил аввал Тошкентда Ўзбекистон спорти учун муҳим маскан — Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейи ташкил этилган эди. Бу йил музей ўзининг 30 йиллигини нишонламоқда.

Бугун юбилей муносабати билан ташкил этилган тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги спорт фахрийлари, Олимпия ҳаракати фаоллари ва спорт жамоатчилиги иштирок этишди.

Музей тарихи 1996 йилдан бошланади. Унинг очилиш маросимида ўша пайтдаги Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Хуан Антонио Самаранчнинг шахсан иштирок этгани ушбу воқеанинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини кўрсатади. Дунёда Олимпия ҳаракати тарихига бағишланган бундай музейлар кўп эмас.

Ўтган 30 йил давомида бу ерда Ўзбекистон спортининг катта тарихи жамланди. Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги ғалабалар, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги муваффақиятлари, турли даврларга оид ноёб экспонатлар ва тарихий материаллар бугун музей фондининг муҳим қисмини ташкил этади.

Музей фақат ўтмиш ҳақида эмас. Бу ерда ёш авлод мамлакатимиз спорти қандай йўлни босиб ўтганини, бугунги натижалар ортида қандай меҳнат ва тарих турганини кўриши мумкин. Шу маънода, музей спорт меросини сақлаш билан бирга, уни кейинги авлодга етказадиган муҳим маскан бўлиб хизмат қилмоқда.

Тантанали тадбир якунида музей директорига “BYD Chazor” автомобили топширилди.

Text to speech