МОҚда АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли билан учрашув бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли билан учрашди. Мулоқот давомида спорт соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мазкур учрашувда Халқаро қиличбозлик федерацияси вице-президенти Ана Делгадо ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Эрик Коллинс ҳам қатнашди. Йиғилишда спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш, Олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, келаси йил Тошкентда ўтадиган қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатига пухта ҳозирлик кўриш, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг муносиб иштирокини таъминлаш ҳамда мазкур йирик спорт тадбирларига тайёргарлик жараёнларида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, жаноб Замполли бутун Ўзбекистон халқини мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги билан қутлади.