“Президент Олимпиадаси” ва Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди
Бугун Спорт вазирлигида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг якуний босқичи – “Президент Олимпиадаси” ҳамда яқинлашиб келаётган Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов олиб борган йиғилишда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этишди.
Даставвал, “Президент Олимпиадаси” баҳсларига ҳозирлик жараёни муҳокама қилинди. Расмийлар бу йилги беллашувларда қатнашаётган ёшлар 2029 йил пойтахтимизда ташкил этиладиган ёшлар Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган авлод бўлгани боис селекция жиҳатларига алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлашди. Қолаверса, йиғилиш давомида ташкилий масалалар, мусобақалар жадвали, шаффоф ҳакамликни таъминлаш каби йўналишларга алоҳида эътибор берилди.
Шунингдек, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига ҳозирланаётган терма жамоаларимизни бўлажак мусобақага пухта тайёрлаш, спортчиларга барча керакли шароитларни яратиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Расмийлар томонидан федерация ва ассоциациялар масъулларига барча терма жамоаларнинг Японияга бориш режасини яна бир карра таҳлил қилиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича керакли тавсиялар берилди.