Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Маълум қилганимиздек, бугун пойтахтимизда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати старт олди. Бироз аввал “Олимпия шаҳарчаси”да ташкил этилаётган мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, шунингдек, Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерациялари, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, МОҚ ва мамлакат оғир атлетика федерацияси раҳбарияти иштирок этиб, мусобақа юқори савияда ўтказилаётгани, юртимизда оғир атлетика ривожи йилдан йилга ортиб бораётганини таъкидлаб ўтишди.
Тадбирдан сўнг кечки дастурдан ўрин олган навбатдаги вазн тоифаларининг беллашувларига навбат берилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу чемпионатда қитъамизнинг 29 мамлакатидан ташриф буюрган 300 нафардан зиёд спортчи баҳс олиб бормоқда.