Муҳаммад Жалудга Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий фуқароси” мақоми берилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсеф Ал Манани қабул қилди.
Учрашувда Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида Ўзбекистонда оғир атлетикани ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар сони изчил ортиб, ўзбекистонлик спортчиларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани соҳадаги ислоҳотларнинг амалий самараси экани таъкидланди.
Халқаро оғир атлетика федерациясининг спортни глобал миқёсда ривожлантириш, ҳалол рақобат тамойилларини мустаҳкамлаш, допингга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги фаолияти юқори баҳоланди.
Шунингдек, Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияларининг Ўзбекистон билан йўлга қўйган самарали ҳамкорлиги, мамлакатимизда оғир атлетикани ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этишга қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Мулоқот чоғида шу йилнинг 7-14 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу нуфузли тадбирлар спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, ёшларни спортга жалб этиш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерациялари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш ва оғир атлетикани кенг оммалаштириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида Муҳаммад Жалудга Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий фуқароси” мақоми берилгани тўғрисидаги гувоҳномани тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.