6 Август 2026 645

Қитъа чемпионати олдидан Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши ўтказилди

Эртага пойтахтимизда старт оладиган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати олдидан Осиё оғир атлетика федерацияси (ООАФ) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Халқаро оғир атлетика федерацияси Президенти Муҳаммад Жалуд, ООАФ раҳбари Муҳаммад Юсеф Ал Мана, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.

Тадбирда жорий йил Японияда ўтказиладиган Осиё ўйинлари, Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларига олиб борилаётган ҳозирлик, келаси йил Корея Республикасида ташкил қилинадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, анжуман доирасида расмийлар мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлигига муносиб тайёргарлик кўрганини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, тадбир доирасида юртимизда оғир атлетика спортини ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун ООАФ президенти Муҳаммад Юсеф Алманага “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Text to speech