Аичи-Нагоя-2026: 5 та федерация режалари муҳокама қилинди
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бугун Узбекистан ақуатисс, велосипед спорти, волейбол, камондан отиш ва қиличбозлик федерацияларида бўлиб, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоаларимизнинг режалари билан танишди.
Қайд этиш жоиз, сув спорти турлари ва велоспорт комплекс мусобақаларда энг кўп медаллар жамланмаси ўйналадиган йўналишлардан ҳисобланади. Расмийлар шуни инобатга олган ҳолда атлетларимизни бўлажак мусобақага ҳар томонлама пухта тайёрлаш, бунинг учун барча шароитларни яратиш бўйича керакли тавсияларни бериб ўтишди. Шунингдек, волейбол, камондан отиш ҳамда қиличбозлик бўйича терма жамоаларимизнинг олиб бораётган ўқув-машғулот йиғинлари ҳам таҳлил қилинди.
Учрашувлар давомида Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган барча спортчиларимиз алоҳида кўриб чиқилиб, уларнинг имкониятлари, ҳолати ҳақида маълумот берилди. Қолаверса, мусобақага жалб этиладиган бошқа мутахассислар таркибини оптималлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.