10 Июл 2026 452

Спорт вазирлигида Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Спорт вазирлигида жорий йилнинг биринчи ярмида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда иккинчи ярим йилликда бажарилиши белгиланган устувор вазифаларга бағишланган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Унда спорт тизимидаги барча ташкилотлар раҳбарияти, спорт бошқармалари вакиллари бевосита иштирок этди, ҳудудлардаги спорт муассасалари вакиллари эса онлайн (ZOOM орқали) кузатиб боришди.

Йиғилиш давомида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг биринчи ва иккинчи босқичлари якунлари атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар чуқур кўриб чиқилди. Бу борада кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудлар фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Ҳайъат йиғилишида йилнинг иккинчи ярмидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, “Президент Олимпиадаси”ни юқори савияда ташкил этиш ва унга пухта тайёргарлик кўриш, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари, Дакар-2026 ёзги ёшлар Олимпия ўйинлари ҳамда Ар-Риёд-2026 Жанг санъати ва ёпиқ иншоотларидаги Осиё ўйинларида ўтказиладиган йирик комплекс мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шахмат Олимпиадаси ҳамда сузиш бўйича Жаҳон кубогига ҳар томонлама ҳозирлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъулларга вазифалар берилди.

Text to speech