4 Июн 2026 669

“Микрокредитбанк“ АТБ – Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг янги “Платинум“ ҳамкори

Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон МОҚ раиси Ш.M.Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида спорт соҳасига хусусий сектор ва ҳомий ташкилотларни кенг жалб этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг “Платинум ҳамкор” мақомини қўлга киритди.

Ҳамкорлик меморандуми имзолаш тадбирида Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Икром Джуманиязов, шунингдек, ўзбек спортининг таниқли вакиллари иштирок этишди. Унда сўз олган расмийлар ўзбек спорти ривожини янги босқичга олиб чиқишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан мамнун эканликларини таъкидлашди.

Ҳамкорлик доирасида мазкур банк мамлакатимизда ўтказиладиган қатор спорт мусобақалари ва Олимпия ҳаракатига оид тадбирларда ҳамкор сифатида иштирок этади. Томонлар мазкур шериклик орқали миллий спортни янги босқичга олиб чиқиш, халқаро майдонда Ўзбекистон нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида изчил фаолият олиб боришга келишиб олдилар.

Қайд этиш жоиз, «Микрокредитбанк» мамлакатимиз молия секторидаги етакчи банклардан бири бўлиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига сифатли банк хизматларини кўрсатиш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Text to speech