3 Июн 2026 564

Таниқли оператор ва Олимпия ҳаракати тарғиботчиси Анвар Авазхўжаев 80 ёшда!

Бугун турли соҳалар, хусусан, спорт мавзусидаги фильмлари ва фотосуратлари билан бой мерос қолдирган ижодкор, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг узоқ йиллик ҳамкори, Олимпия ҳаракатининг фаол тарғиботчиларидан бири Анвар Авазхўжаев 80 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан Республика Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Анвар Ходжимуратовични ушбу қутлуғ сана билан муборакбод этишга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раҳбарияти, шунингдек, “Uzbekistan Airways” компанияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилари ва кўп сонли спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан расмийлар А. Авазхўжаевнинг узоқ йиллик фаолияти давомида тарих, маданият ва спорт соҳаларида бой мерос қолдирганини, хусусан, 7 та ёзги ва 1 та қишки Олимпия ўйинлари, кўплаб Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари каби нуфузли спорт мусобақаларида бевосита иштирок этиб, делегациямиз қўлга киритган тарихий ғалабаларни тасвирларга муҳрлаганини алоҳида таъкидлашди.

Қайд этиш жоиз, Анвар Ходжимуратович фаолияти давомида 400 дан ортиқ фильм яратган бўлиб, уларнинг 50 таси ўзбек спортига бағишланган. Унинг ижод намуналари Италия, Россия ва бошқа қатор мамлакатларда ўтказилган халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллаган. Узоқ йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, «Дўстлик» ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган.

Text to speech