25 Май 2026 633

Допингга қарши курашиш масалалари танқидий муҳокама қилинди

Спорт вазирлигида допингга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Миллий антидопинг агентлиги раҳбарияти, шунингдек, спорт федерация ва ассоциацияларининг масъул вакиллари иштирок этишди.

Танқидий руҳда кечган йиғилишда жорий йилнинг ўтган қисми давомида допинг қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Расмийлар федерациялар масъулларига вазиятни тўлиқ назоратга олиш, спортчиларнинг АДАМС тизимидаги жойлашув маълумотларини мунтазам кузатиб бориш ҳамда антидопинг қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар беришди.

Таъкидланганидек, олдинда Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари ва бошқа қатор нуфузли халқаро мусобақалар турибди. Шу муносабат билан йиғилишда терма жамоа аъзоларининг ушбу стартларда тўлиқ таркибда иштирокини таъминлаш, спортчилар ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш ва антидопинг назоратини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech