18 Декабр 2025 603

“Президент Олимпиадаси”да фаолият олиб борган волонтёрлар тақдирланди

24 ноябрь – 3 декабрь кунлари бўлиб ўтган “Президент Олимпиадаси” мусобақаларининг юқори савияда ташкил этилишида волонтёрлар хизматининг ҳиссаси беқиёс бўлди. Бугун ўтган “Вазир ва ёшлар учрашуви” тадбирида Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов мазкур мусобақа давомида самарали фаолият олиб борган кўнгиллилар жамоасига миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда расмийлар юртимизда жадал ривожланаётган волонтёрлик ҳаракати нуфузли спорт ва оммавий тадбирларни юқори савияда ўтказишда муҳим ўрин тутаётганини, улар доимо спорт мусобақаларининг ажралмас қисми бўлиб келаётганини алоҳида таъкидладилар. Қайд этиш жоиз, мусобақада Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Ёш спорт лидерлари дастуридан 200 нафар волонтёр фаолият олиб борди.

Шу тариқа, “Президент Олимпиадаси” доирасида ишлаган кўнгиллилар нафақат мусобақаларнинг муваффақиятли ўтишига, балки мамлакатимизда спорт маданияти ва фуқаролик фаоллигини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшгани эътироф этилди.

Text to speech