6 Апрел 2026 801

“Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси”га старт берилди

Бугун пойтахтимиздаги “Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати” музейида “Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси” спорт мусобақаларига тантанали старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу йирик спорт лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида йўлга қўйилди.

Мусобақалар уч босқичда ташкил этилади:
1-босқич (университет босқичи): 6–20 апрель кунлари;
2-босқич (ҳудудий босқич): 1–15 май кунлари;
Финал босқичи (Республика босқичи): 1–10 июнь кунлари ташкил этилади.
Якуний босқичга Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси” мезбонлик қилади.

Олимпиада дастурига волейбол, гандбол, баскетбол 3х3, стол тенниси, футбол, енгил атлетика ҳамда сузиш спорт турлари киритилган.

Тантанали очилиш маросимида Президент Администрациясининг мутасаддилари, Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, олий таълим муассасаларининг ректорлари, спорт федерацияларининг вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Бугунги кунга қадар мусобақаларда иштирок этиш учун 168 та олий таълим муассасаларидан қарийб 160 минг нафар талаба рўйхатдан ўтган.

Text to speech