“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг янги мавсумига старт берилди
Бугун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” мусобақаларининг 2026 йилги мавсуми расман бошланди. Пойтахтимиздаги “Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейи”да мазкур тадбирга рамзий старт бериш тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти иштирок этди. Жараённи Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, спорт бошқармалари расмийлари онлайн кузатиб борди. 2026 йилги мавсум янада такомиллаштирилган уч босқичли тизимда ўтказилади: туман ва шаҳар ҳокими Олимпиадаси, ҳудудий босқич ҳамда “Президент Олимпиадаси”. Бугундан бошлаб биринчи босқич — туман ва шаҳар ҳокими Олимпиадаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида беллашувлар бошланди. Унда спорт мактаблари, умумтаълим муассасалари, хусусий спорт клублари ва мураббийлар тарбиялаган ёшлар фаол иштирок этмоқда.