22 Декабр 2025 475

Кун дайжести: Қатарда оғир атлетикачиларимизнинг муваффақияти, конкурчиларимиздан Шаржада 3 та медаль, ОФКда янги турнир

Оғир атлетикачимиз Қатарда ўтаётган турнирни 6 та медаль билан бошлашди

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Доҳа шаҳрида ташкил этилаётган “Qatar weightlifting cup” мусобақасида иштирок этмоқда. Ҳамюртларимиз айни пайтгача 6 та медаль жамғаришга эришдилар. Муниса Одилова -48 кг вазн тоифасида 3 та кумуш медалга эга чиққан бўлса, Адҳамжон Эргашев -65 кг вазнда 3 та бронза медали билан тақдирланди.

Чавандозларимиз Шаржадаги турнирда 2 та медалга сазовор бўлишди

БААнинг Шаржа шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича халқаро мусобақа ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин ва 1 та бронза медалларига эгалик қилишди. Олтин медалларга Абдураҳмон Абдуллаев баландлиги 140 ва 145 см бўлган тўсиқлардан сакраш дастурида эришган бўлса, Баҳромжон Газиев 125 см баландликдагибтўсиқлардан сакраш йўналишида кучли учликдан жой олди.

ОФК таснифида янги турнир йўлга қўйилади

Осиё футбол конфедерацияси миллий терма жамоалар футболини янада ривожлантириш мақсадида “AFC Nations League” (ОФК Миллатлар Лигаси) мусобақасини жорий этиш режасини маълум қилди. Янги турнир Осиё мамлакатлари учун халқаро учрашувлар тизимини янада тартибли ва барқарор қилишга қаратилган. Мусобақанинг формати, амалга ошириш босқичлари ва аниқ муддатлари ОФК қўмиталарининг муҳокамаларидан сўнг расман эълон қилинади.

Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди

Андижонда замонавий бешкураш бўйича турли ёш тоифаларидаги Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Андижон шаҳридаги 2-сон спорт мактаби мезбонлик қилган мусобақада юртимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилар баҳс олиб боришди. Беллашувларни мураббийлар штаби катта эътибор билан кузатиб борди ва юқори натижа қайд этган спортчиларни янги мавсумда терма жамоага номзод сифатида белгилаб олди.

Text to speech