Кун дайжести: Қосимҳожиев ва Осипова рейтингда пешқадам, конкурчимиздан кумуш медаль, ўзбек дзюдосидаги 2 йўналиш “IJF Judo Awards 2025” номинантлари орасида
Икки таэквондочимиз йилни рейтинг етакчиси сифатида якунлайди
Бутунжаҳон таэквондо федерацияси 2025 йил якунлари бўйича жаҳон рейтингини эълон қилди. Аҳамиятлиси, унда Ўзбекистон терма жамоасининг 2 нафар вакили Нажмиддин Қосимҳожиев (-74 кг) ҳамда Светлана Осипова (+73 кг) йилни ўз вазн тоифасида биринчи ўринда тугатиши кўрсатилган. Эслатиб ўтамиз, Қосимҳожиев жорий йил жаҳон чемпионатида олтин, Осипова эса кумуш медални қўлга киритган.
Абдураҳмон Абдуллаев кумуш медалга сазовор бўлди
БААнинг Ал Айн шаҳрида CSI3* таснифидаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлишди. 145 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида қатнашган Абдураҳмон Абдуллаев “OTTO VAN DE ACHTERHOEK” лақабли отида иккинчи натижани қайд этди.
Ўзбек дзюдосига оид 2 йўналиш “IJF Judo Awards 2025” номинантлари қаторида
Халқаро дзюдо федерацияси 2025 йил якунларига кўра турли йўналишлар бўйича номинантларни эълон қилди. Унда Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова дзюдо клуби “Болалар учун йилнинг энг яхши лойиҳаси”, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Орлян-Сипрян Флиснинг фаолияти эса “Йилнинг мураббийлик ютуғи” йўналишларида номзод сифатида эътироф этилган.