3 Декабрь 2025 63

Юртимизда илк бор ўтказилган Президент Олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун мамлакатимизда илк бор ўтказилган Президент Олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва барча иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирдим.

Қутловда таъкидланганидек, саралаш босқичларида иштирок этган 100 мингдан зиёд ёшлар орасидан финалгача етиб келган қарийб 3 минг нафар энг иқтидорли спортчиларимизнинг беллашувларини бутун халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатди. Эришилган ғалабалар, рекорд натижалар Янги Ўзбекистонда юксак салоҳиятли олимпия захиралари етишиб келаётганидан далолат беради.

Ёш чемпионларимиз намойиш этган ирода ва маҳорат келгусида Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида янада баланд кўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Табрикда саралаш ва финал босқичларини юксак даражада ташкил этган ҳудудлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, спорт федерациялари, ўқув муассасалари жамоалари, волонтёрлар ва спорт мухлисларига миннатдорлик изҳор этилди.

Президентимиз қутловида спортчиларга келгуси мусобақаларда янада ёрқин ғалаба ва натижалар тиладилар.

Манба: Press_Secretary_Uz

Text to speech