14 Ноябрь 2025 379

FIA Бош Ассамблеясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Маълумки, жорий йил декабрь ойида Марказий Осиё тарихида илк бор пойтахтимизда FIA — Халқаро Автомобиль Федерацияси Бош Ассамблеяси ҳамда нуфузли FIA Авардс тақдирлаш маросими ўтказилади. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Қўмита раҳбарияти ҳамда мамлакат Автоспорт ва картинг миллий федерацияси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мазкур йирик тадбирга тайёргарлик жараёнлари батафсил кўриб чиқилди.

Учрашув давомида МОҚ раҳбарияти томонидан бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, тадбирни юқори савияда ташкил этиш, нуфузли хорижий делегацияларни кутиб олиш учун барча зарур шароитларни яратиш, хавфсизлик ва меҳмонлар қулайлигини таъминлаш, шунингдек, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Алоҳида эътибор логистика масалалари, волонтёрлар фаолияти, иштирокчиларни ахборот билан таъминлаш ишлари ҳамда улар учун маданий дастур шакллантиришга қаратилди. Бундай юксак мақомга эга тадбирни ўтказиш барча тузилмалар томонидан максимал уйғунлик ва юқори масъулиятни талаб қилиши расмийлар томонидан таъкидланди.

Text to speech