Ру En O'z
27 Июль 2021 2117

Япония ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациялари ҳамкорлик шартномасини имзолайдилар

27 июль куни Япония Олимпия қўмитаси вице-президенти – Ўқ отиш федерацияси раиси Кичиро Матсумару ва Ўзбекистон ўқ отиш спорт федерацияси бош котиби Мардонбек Давронов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар минтақада ўқ отиш спортини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Кичиро Мацумару Япония миллий терма жамоаларни тайёрлаш схемаси, шунингдек, Олимпия иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш тизими ҳақида сўзлаб берди.

Япония Олимпия қўмитаси вице-президенти Ўзбекистонда спортни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади.

Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси вакили Олимпия ўйинларини ташкил этиш бўйича олиб борилган ишларни юқори баҳолади ва Японияни давом этаётган Олимпиадада қўлга киритилган 16-медаль билан қутлади.

Томонлар ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар ўтказиш, мутахассислар ва спорт иншоотлари қурилишида тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик шартномасини имзолашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида Япония Олимпия қўмитаси вице-президенти Ўзбекистон делегациясига Олимпия ўйинларида омад тилади.

Text to speech