Кун дайжести:
Президент Шавкат Мирзиёев бугун янги спорт объектларига ташриф буюради
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида қуриб битказилган йирик спорт мажмуалари, Юқори Чирчиқ туманидаги Миллий футбол маркази фаолияти билан танишади.
Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон спорт ўйинларида 11 та медаль қўлга киритди
7-17 август кунлари Хитойнинг Ченгду шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза, жами 11 та медаль жамғариб, 118 мамлакат орасида 26-натижани қайд этди. Асосан ноолимпия спорт турлари бўйича ташкил этган мазкур мусобақада юртдошларимиз самбо, ушу ва кикбоксинг спорт турларида шоҳсупага кўтарилдилар.
Разамбек Жамалов UFC 319 турнирида
Эркин кураш бўйича Олимпиада чемпиони Разамбек Жамалов АҚШнинг Чикаго шаҳрида ташкил этилган UFC 319 турнирида меҳмон бўлди. Маълумот учун, ушбу турнирнинг марказий жангида БАА вакили Хамзат Чимаев ЖАР спортчиси Дрикюс Дю Плессини мағлуб этиб, UFC чемпионлик камарини қўлга киритди.
Слаломчиларимиз Осиё чемпионатида 4 та медаль жамғаришди
14-17 август кунлари Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида слаломда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати ташкил этилди. Шиддатли беллашувлар якунида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш (К1) ва 3 та бронза (К1 жамоавий, С1 жамоавий ва экстрим слалом) медалларига эга чиқди.
Тошкентда енгил атлетика бўйича халқаро турнир якунланди
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича “Silk Road to Tokyo” мусобақаси ўтказилди. Унда 15 мамлакатдан ташриф буюрган 250 нафарга яқин спортчи баҳс олиб борди. Беллашувлар якунида Шарифа Давронова, Барнохон Сайфуллаева, Нодир Норбоев каби терма жамоамиз етакчилари ўз йўналишларида биринчи ўринни қўлга киритишди.









