Ғалаба муборак! Улуғбек Рашитов Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони!
Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямиз ҳисобига илк медални тақдим қилган таэквондочимиз Улуғбек Рашитов бироз аввал финал жангини ўтказди. Вакилимиз унда амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши даянга чиқди.
Ўта кескин ва муросасиз курашларга бой бўлган беллашувда ҳамюртимиз 34:29 ҳисобини қайд этди ва Рашитов олтин медалга сазовор бўлди. Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Рашитов шу тариқа таэквондочиларимиз орасида Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритган илк вакилимизга айланди. Унинг ғалабаси эса нафақат кейинги кун дастурларида иштирок этадиган вакилларимиз, балки ўсиб келаётган ёш таэквондочиларимизга ҳам катта мотивация бўлади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан барча мухлисларимизни, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясини, спортчимизнинг яқинларини қутлаб қолади. Қолган вакилларимизга ҳам Олимпиада давомида муваффақиятли иштирок тилаб қоламиз. Олға, Янги Ўзбекистон!