7 Июль 2025 810

Кун дайжести:

Японияни ортда қолдирган дзюдочиларимиз Чехияда биринчи бўлишди
Чехияда ёшлар ўртасида дзюдо бўйича Prague Junior European Cup 2025 мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақанинг иккинчи кун баҳсларида ҳамюртларимиздан Самариддин Мухибиддинов (-81 кг) олтин ва Фазлиддин Рафиков (+100 кг) кумуш медални қўлга киритди.

Шу тариқа, мусобақада 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кучли учликдан Япония ва Сербия жамоалари жой олди.

Оғир атлетикачиларимиз Осиё чемпионатини 9 та медаль билан бошлашди
Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилаётган Осиё чемпионатида иштирок этаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Ортда қолган кун спортчиларимиз учун сермаҳсул ўтиб, атлетларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Курашчи қизларимиз Осиёда учинчи бўлишди
Қирғизистон мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича U15 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида қизлар ўртасидаги беллашувлар ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиқишди.

Аҳамиятлиси, ушбу натижа билан қизларимиз умумжамоа ҳисобида Япония ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринни эгалладилар.

Олмаотада ёшлар жамоамиз ҳам биринчиликни бермади
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида дзюдо бўйича Осиё кубогининг ёшлар ўртасидаги баҳслари ҳам якунлади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 8 та олтин, 2 та кумуш ва 8 та бронза медалларини жамғаришга эришди.

Бундай натижа билан ёшларимиз ҳам ўсмирларимиз сингари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди.

Text to speech