Камондан отиш бўйича халқаро семинар ниҳоясига етди
Тошкентдаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган камондан отиш бўйича халқаро семинар ўз якунига етди. Семинар давомида Бутунжаҳон камондан отиш федерацияси (World Archery) томонидан тавсия этилган тажрибали мутахассис, украиналик эксперт Виктория Ковал Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 27 нафар маҳаллий мураббийга ўз билим ва тажрибасини улашди.
Бир неча кун давом этган машғулотларда Ковал спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашнинг илғор ёндашувлари, замонавий методикаси ҳамда техник-тактик жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Машғулотларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган мураббийлар иштирок этди.
Семинар сўнгида барча иштирокчиларга «Олимпия бирдамлиги» дастури ва World Archery томонидан юборилган сертификатлар топширилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бошқарма бошлиғи, мамлакат камондан отиш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Мамиржон Ганиев, Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, МОҚ мутасаддилари иштирок этишди. Тадбир давомида М.Ганиев украиналик экспертга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг «Халқаро ҳамкорлиги учун» кўкрак нишонини тақдим қилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур семинар Халқаро Олимпия Қўмитасининг «Олимпия бирдамлиги», Wорлд Арчерй, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат камондан отиш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.









